date

Ҳиндистонда тиқилинч: сиёсий тадбирда 39 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистонда тиқилинч: сиёсий тадбирда 39 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг жанубий ҳудуди – Тамилнад штатидаги сиёсий тадбир оғир фожеага айланди. Карур округида машҳур актёр ва сиёсатчи Виджайнинг сайловолди митингида рўй берган тиқилинч оқибатида камида 39 киши ҳаётдан кўз юмди. Расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида аёллар, эркаклар ва болалар ҳам бор.

Шанба куни бўлиб ўтган митингга ўн минглаб одам йиғилган. Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, тадбир белгиланган вақтдан бир неча соат кеч бошлангани натижасида оломонда беқарорлик юзага келган. Телевидениеда тарқатилган кадрларда одамларнинг ҳушини йўқотиб, ерга йиқилиб тушаётгани акс этган.

Сиёсатчи Сентил Балажи журналистларга берган маълумотида ҳалок бўлганлар сонини тасдиқлади ва яна 50 дан зиёд киши жароҳатланганини айтди. Штатнинг соғлиқни сақлаш вазири Ма Субраманиан эса қурбонлар орасида 16 нафар аёл, 9 нафар эркак ва 6 нафар бола борлигини маълум қилди.

Тамилнад ҳукумати раҳбари Мутхувел Карунанидхи Сталиннинг сўзларига кўра, кўплаб фуқаролар тиқилинчда ҳушини йўқотиб, шифохоналарга етказилган. Жароҳатланганларга ёрдам кўрсатиш учун қўшни ҳудудлардан шифокорлар чақирилган. Шу билан бирга, қурбон бўлганларнинг оиласига бир миллион рупий (қарийб 11,3 минг доллар) товон пули тўланиши белгиланди.

Фожеа бўйича текширув ишлари бошланди. Интернет орқали чиқиш қилган Виджай ўзини “чилпарчин бўлган қалб” ва “чидаб бўлмас оғриқ” билан ҳис қилаётганини айтди. У қурбонларнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда жароҳатланганларга тез фориғ бўлиб кетишини тилади.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди эса X ижтимоий тармоғида воқеани “қайғули бахтсиз ҳодиса” деб атади.

Мамлакатда оломон орасида тиқилинчлар сўнгги йилларда тез-тез содир бўлмоқда. Жорий йилнинг ўзида Кумбх Мела фестивали пайтида ва “Royal Challengers” крикет жамоасининг ғалабасини нишонлаш вақтида ҳам шунга ўхшаш фожиали ҳолатлар қайд этилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистонда тиқилинч: сиёсий тадбирда 39 киши ҳалок бўлди