Қайрат Нўртас концертида тиқилинч юз берди, ташкилотчи ҳибсга олинди

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида машҳур хонанда Қайрат Нўртаснинг концерти вақтида томошабинлар ўртасида тиқилинч юзага келди. Ҳодиса оқибатида саккиз киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Концерт ташкилотчиси эса ҳибсга олинган. Бу ҳақда KAZINFORM хабар берди.
Ҳодиса 10 октябрь куни Қажимукан Мунайтпасов номидаги марказий стадионда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, концерт учун сотилган чипталар сони майдоннинг белгиланган сиғимидан сезиларли даражада ошиб кетган. Натижада стадионга кириш жойида одамлар ҳаддан ташқари кўпайиб, томошабинлар хавфсизлигига таҳдид юзага келган.
Чимкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, тиббий ёрдамга мурожаат қилган саккиз кишидан етти нафари кўрикдан сўнг уйига юборилган. 18 ёшли қиз эса жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Шифокорлар унинг аҳволини оғир деб баҳолаган, бироқ сал яхшиланиш кузатилган.
Ҳодиса юзасидан хавфсизлик талабларини бузиш эҳтимоли бўйича жиноят иши қўзғатилган. Чимкент шаҳар полицияси маълумотига кўра, 1984 йилда туғилган концерт ташкилотчиси қўлга олиниб, вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Полиция ижтимоий тармоқларда ҳодиса оқибатида одамлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида вафот этганлар йўқ.
Чипталарни сотиш билан шуғулланган Freedom Afisha компанияси эса концерт ташкилотчиси Show Service бўлганини билдирган. Компания ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган.






























Изоҳлар 0
…