Японияда самолёт поли остидан илон топилиб, рейс бекор қилинди

Японияда самолёт поли остидан илон топилиб, рейс бекор қилинди

Японияда Japan Airlines авиакомпанияси гуруҳига кирувчи Japan Air Commuter самолётидан 40 сантиметр узунликдаги заҳарсиз илон топилди. Ҳодиса сабабли самолётнинг Кагосима префектурасига амалга оширилиши режалаштирилган парвози бекор қилинди. Бу ҳақда “The Independent” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, 19 октябрь куни самолёт Симане префектурасидаги Идзумо аэропортидан Фукуока аэропортига келган. У маҳаллий вақт билан соат 12:50 да Фукуокадан Кагосимага учиши керак эди.

Парвозга тайёргарлик вақтида учувчи кабинасида номаълум жонивор кўрилган, аммо уни топишнинг иложи бўлмаган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан рейс бекор қилинган. Кейинчалик механиклар самолёт салонини синчиклаб текшириб, 20 октябрь куни пол қопламаси остида яшириниб олган илонни аниқлаган.

Мутахассислар илонни заҳарсиз япон йўл-йўл илонининг ёш намунаси сифатида аниқлаган. Уни ушлаш учун махсус хизмат вакиллари жалб этилган. Ҳодиса оқибатида илоннинг самолётга қандай кириб қолгани ҳозирча маълум эмас.

Авиакомпания маълумотига кўра, бу унинг самолёт салонидан илон топилиши билан боғлиқ илк ҳолатидир. Компания йўловчилардан юзага келган ноқулайлик учун узр сўраган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар