date

Орегон штати ва Портленд шаҳри Трамп маъмуриятини судга берди

Орегон штати ва Портленд шаҳри Трамп маъмуриятини судга берди

28 сентябр, якшанба куни АҚШнинг Орегон штати ва унинг аҳолиси энг кўп бўлган шаҳри — Портленд раҳбарияти мамлакат федерал ҳукуматига қарши расмий даъво аризаси билан чиқди. Улар президент Доналд Трамп маъмуриятини ортиқча ваколатдан фойдаланишда айблади.

Даъвогарларнинг баёнотига кўра, Трамп маъмурияти Орегон Миллий гвардияси қўшинларини федерал хизматга чақириш орқали конституция қонунларини бузган. Бу ҳаракат тартибсизликларга қарши чора сифатида асослантирилган бўлса-да, штат адвокатларига кўра, аслида у жамоат хавфсизлигини таъминлашдан кўра, норозилик кайфиятларини кучайтиришга хизмат қилади.

Даъво ҳужжатларида қайд этилишича: «Жавобгарларнинг провокацион ва назоратсиз ҳаракатлари хавфсизликни мустаҳкамламайди, аксинча жамоатчилик орасида янада кўпроқ нохушлик уйғотиб, уни хавф остига қўяди».

Ҳужжатда президент Доналд Трамп, мудофаа вазири Питер Хегсет, ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм ҳамда тегишли федерал тузилмалар жавобгар сифатида кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, даъво аризаси берилган куннинг ўзида мудофаа вазири томонидан махсус меморандум эълон қилинганди. Унга кўра, 200 нафар Орегон Миллий гвардияси хизматчиси «дарҳол 60 кунлик муддатга федерал бурчни бажариш учун чақирилиши» белгиланган.

Ҳозирги кунда масала федерал судда кўриб чиқилиши кутилмоқда ва АҚШ сиёсатида янги тортишувли жараёнга сабаб бўлиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Орегон штати ва Портленд шаҳри Трамп маъмуриятини судга берди