Қозоғистонда «Барселона» эмблемаси туширилган мато билан пол ювилгани муҳокамаларга сабаб бўлди (видео)

Қозоғистон пойтахти Остонада «Барселона» футбол клуби эмблемаси туширилган мато билан пол артилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Ҳолат футбол мухлислари ўртасида турли мунозараларга сабаб бўлди.
Воқеа «Барыс Арена» спорт мажмуасида, кураш бўйича жаҳон чемпионати доирасидаги мусобақалардан сўнг юз берган. Видеода тозаловчи аёл кураш гиламини Испаниянинг «Барселона» клуби рамзи туширилган мато билан артаётгани кўринади.
Айрим мухлислар буни клуб ва унинг рамзларига нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳолаган. Бошқалар эса вазиятга ҳазил билан муносабат билдирган. Ҳатто «Барселона»нинг азалий рақиби «Реал Мадрид» мухлислари ҳам муҳокамага қўшилиб, клуб устидан ҳазиллашган.
Ҳозирча матонинг аёл қўлига қандай келиб қолгани ва у ундаги клуб эмблемасини таниб-танимагани номаълум. Шунингдек, воқеа юзасидан ташкилотчилар томонидан расмий изоҳ берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, кураш бўйича жаҳон чемпионати Остона шаҳрида 24 октябрдан 1 ноябргача давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…