date

Марказий Осиёда илк аёл космос сари қадам ташлади

Марказий Осиёда илк аёл космос сари қадам ташлади

Қозоғистонлик тадбиркор аёл Данна Карагусова Марказий Осиё тарихида коинотга чиқадиган илк аёл сифатида ном қозонмоқда. Унинг бу миссияси нафақат мамлакат, балки бутун минтақанинг илм-фан ва технология соҳасидаги янги ютуғи сифатида баҳоланмоқда.

Маълумотларга кўра, Данна Amazon асосчиси ва миллиардер Жефф Безос ташкил этган Blue Origin компаниясининг New Shepard ракета-кайҳон аппаратида коинотга учади. Ушбу парвоз 2025 йил октябр ойида амалга оширилиши режалаштирилган.

Космик саёҳатнинг давомийлиги жуда қисқа — атиги 10–12 дақиқа бўлади. Бу вақт ичида ракета Ердан 100 километр баландликка кўтарилади — айнан шу нуқтадан бошлаб коинот ҳисобланади. Даннага яна беш йўловчи ҳамроҳлик қилади: бизнесмен Жефф Элгин, муҳандис Клинт Келли III, стартап асосчиси Аарон Ньюман, украиналик ишбилармон Виталий Островский ва исмини ошкор қилмаган яна бир йўловчи. Улар ҳаммаси вазнсизлик ҳолатини ҳис қилиб, Ерни коинотдан томоша қилиш имконига эга бўлади.

Фирма парвозни жонли эфир орқали намойиш этишни режалаштирган, аммо чипта нархлари сир сақланмоқда. Маълумотларга кўра, ўринни бронь қилиш учун депозит камида 150 минг доллар, парвознинг ўзи эса 500 мингдан 1 миллион долларгача туради.


Ким у — Данна Карагусова?

43 ёшли Данна Карагусова — Олмаотада туғилган, Қозоғистондаги энг фаол ва замонавий аёл тадбиркорлардан бири. У маркетинг ва рақамли технологиялар соҳасидаги етакчи мутахассис сифатида танилган.

Данна First Media Group маркетинг холдингини таъсис этган ва узоқ йиллар давомида унинг раҳбари бўлиб ишлаган. Шунингдек, у медиа ва тадбирларни бошқаришда 25 йиллик тажрибага эга.

Blue Origin маълумотларига кўра, Карагусова санъат, фан ва технологияни уйғунлаштирувчи инновацион лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. У сўнгги йилларда компаниянинг “Portals” деб аталган янги лойиҳасига катта эътибор қаратган — у турли шаҳарларни реал вақтда жонли видео ёрдамида боғлайдиган интерактив платформа яратишни мақсад қилган.

Карагусова фақат бизнесда эмас, спортда ҳам ўзини синаб кўрган. У Килиманжаро ва Эльбрус тоғ чўққиларини забт этган тажрибали альпинист. Унинг сўзларига кўра, коинот инсон эволюциясининг навбатдаги табиий босқичидир.


Фамилия ортидаги нуфузли оила

Данна таниқли сиёсий ва илмий оилага мансуб. Унинг онаси — Гулжана Карагусова, Қозоғистоннинг собиқ меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири, шунингдек Сенат аъзоси бўлган.

Акаси Фарҳод Карагусов молия соҳасида фаолият юритади — у Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси директорлар кенгаши аъзоси ва Sky Bridge Capital компаниясида бошқарувчи лавозимни эгаллайди.

Унинг укаси Роман Романов 2016 йилдан буён Павлодар вилояти депутати бўлиб, бир вақтлар “Қозоғистон алюминийи” акциядорлик жамиятини бошқарган.


Оилавий ҳаёт ва шахсий томонлар

Данна ижтимоий тармоқларда фаол — у Instagram орқали ўз ҳаёти, сафарлари ва касбий фаолиятини намойиш этиб боради. У аввал блогер Бейбит Алибеков билан турмуш қурган, аммо кейинчалик ажрашган. Улар уч нафар фарзандни биргаликда тарбиялаб келмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Марказий Осиёда илк аёл космос сари қадам ташлади