Европа мамлакатлари раҳбарлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украинадаги урушни тўхтатиш ҳақидаги янги таклифини қўллаб-қувватлади. Уларнинг фикрича, жанглар дарҳол тўхтатилиб, ҳозирги фронт чизиғи келишув учун асос бўлиши керак. Бу борада Буюк Британия бош вазири Кейр Стармер бошчилигида 11 давлат раҳбари қўшма баёнот имзолади.
Трамп “жангларни тўхтатиш ва ҳар икки томон ҳозирги жойлашган ҳолатида қолиши зарур” деган фикрни илгари сурган эди. У бу йўл билан минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини айтди. Шунга қарамай, бу ғоя Ғарб давлатлари орасида баҳсли мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Россия эса бу таклифни қатъиян рад этди. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “бундай сулҳ вақтинчалик бўлади” дея билдирди. Унга кўра, Москва фақат “узоқ муддатли ва барқарор тинчлик”ни хоҳлайди. Россия, шунингдек, Украинадан Донецк ва Луганск вилоятларидан бутунлай чиқиб кетишни талаб қилмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский эса Трампнинг ғоясига эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. У Донецк ва Луганск ҳудудларини топшириш урушни тўхтатмаслигини, аксинча, Россияга кейинги ҳужумлар учун имкон яратишини айтди. Зеленский “Украинанинг позицияси ўзгармаган – биз ўз ҳудудларимизни ҳимоя қиламиз”, деди.
Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида Будапештда учрашув ўтказилиши кутилмоқда. Аммо бу учрашув санаси ҳали белгиланмаган. Кремл учрашув ҳақида аниқ маълумот бермаган, лекин Россия томони ҳали ўз шартларидан воз кечмаганини билдирган.