
Украина президенти Володимир Зеленский Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи етакчилари саммитида мамлакат мудофаа салоҳиятини кучайтириш масаласини яна бир бор кўтарди. Унинг сўзларига кўра, Украина Европадаги захиралар орқали АҚШ ишлаб чиқарган узоқ масофали Tomahawk ракеталарини қабул қилиши мумкин, деб хабар берди президентнинг расмий сайти.
Зеленский таъкидлашича, бу қуроллар Украинага нафақат мудофаа имкониятларини ошириш, балки Россияга урушнинг ҳақиқий оқибатларини ҳис қилдириш имконини бериши мумкин. “Мен сизларни Украинанинг бундай салоҳиятга эга бўлишига ёрдам берадиган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақираман. Бу Россияга жиддий таъсир кўрсатади”, — деди у Европа етакчиларига мурожаатида.
Президент сўзларига кўра, “Томагавк” ракеталари фақат АҚШда эмас, балки айрим Европа мамлакатларида ҳам мавжуд. “Биз аллақачон ёрдам бера оладиган давлатлар билан музокара олиб бормоқдамиз. Шу мавзу тилга олинганда Путиннинг реакциясига қаранг: у жуда асабийлашади. Чунки узоқ масофали қуроллар уруш йўналишини кескин ўзгартириши мумкинлигини у яхши тушунади,” — дея таъкидлади Зеленский.
Шунингдек, Украина раҳбари Европа мамлакатларини Россиянинг музлатилган активларини иложи борича тезроқ Украина ихтиёрига ўтказишга чақирди. Унинг фикрича, ушбу маблағлар нафақат мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлайди, балки фронтдаги мустаҳкамликни таъминлайдиган ҳарбий эҳтиёжлар учун ҳам хизмат қилади.
“Биз бу маблағларнинг асосий қисмини Европа қуролларини харид қилишга йўналтиришни режалаштиряпмиз. Бу пул нафақат биз учун, балки бутун Европанинг хавфсизлиги учун ҳам ишлайди. У Украинанинг ҳаво мудофааси, ҳаво кучлари ва фронт чизиғидаги позицияларни мустаҳкамлайди. Бу — минглаб ҳаётларни сақлаб қолиш демакдир”, — деди Зеленский.
Таҳлилчилар фикрича, Зеленскийнинг бу баёноти Европа Иттифоқи доирасида узоқ масофали қуроллар бўйича янги дипломатик босқични бошлаб бериши мумкин. Украина президентининг фикрлари Европадаги айрим етакчиларнинг позицияларига таъсир кўрсатиши, шу билан бирга Россия билан муносабатлар борасида янги тортишувларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
Айрим Европа мамлакатлари Украинага бундай қуролларни бериш масаласини ҳали расман муҳокама қилмаган бўлса-да, сўнгги ҳафталарда Европада Россиянинг ҳарбий ҳаракатларига қарши қатъий чоралар кўриш зарурлиги ҳақидаги фикрлар кучайиб бораётгани кузатилмоқда.
Зеленскийнинг саммитдаги чиқиши Украина учун муҳим дипломатик қадам сифатида баҳоланмоқда. У Европа давлатларидан нафақат сиёсий, балки ҳарбий кўмакни ҳам кучайтиришни сўраб, Европа хавфсизлигини Украина фронти орқали таъминлаш зарурлигини эслатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!