11:06 / 16.01.2017
6 981

Россия билан АҚШ яқин дўстга айланишди!

Россия билан АҚШ яқин дўстга айланишди!

Сўнгги пайтларда Америка ва Россия муносабатлари ўта совуқлашиб, бу омил нафақат ҳар икки давлат, балки бутун жаҳон сиёсатида ҳам ўз аксини топиб бораётганди. Дунёнинг иккига бўлиниб қолиниши, ҳар икки давлат таъсир доирасидаги мамлакатларнинг бир-биридан узоқлашиб бораётгани сайёрамизга жиддий хавф солаётгани сир эмасди.
Дональд Трампнинг АҚШ президентлиги сайловларида ғалаба қозониши консерватив қарашларни остин-устун қилиб юборди. Ҳозирга қадар йирик тадбиркор ва ишбилармон сифатида танилган Трамп президентлик учун курашга кирган илк пайтларданоқ Владимир Путиннинг унга хайрихоҳлик билдиргани сезилганди. Айнан шу омил, жаноб Трампнинг ғалабасидан сўнг дунё сиёсатига ўз таъсирини ўтказишга интиладиган қора кучлар учун дастак вазифасини бажариб, берди. Эмишки, рус ҳукумати Хиллари Клинтоннинг президент бўлишига бор кучи билан ҳалақит беришга интилган ва Бу борадаги ишларни амалга ошириш учун шахсан Владимир Путин кўрсатма берган. У Россия ҳукумати билан биргаликда Дональд Трампнинг ғалабаси учун бор кучини сарфлаган. Айнан шундай сатрлар 6 январь куни Американинг марказий разведка бошқармаси (CIA), Миллий хавфсизлиги агентлиги (NSA) ва Федерал тергов бюроси (FBI) яқинда ўтказилган АҚШ президентлиги сайловларига «Россия таъсири»га бағишланган қўшма баёнотидан ўрин олганини қандай тушуниш мумкин. Бу ҳақда биз 7 январь куни эълон қилинган таҳлилий мақоламизда батафсил ёзганмиз.
Американинг энг нуфузли куч ишлатар тизимлари баёнотни беришга бериб қўйиб, уни исботига келганда маълумотлар ўта махфийлиги сабаби билан изоҳдан бош тортишди. Президент Трампнинг ўзи ҳам бу баёнотга истеҳзола муносабат билдирди. Бўлар иш бўлди. Россияга нисбатан янги сайланган президентда салбий муносабат шакллантиришга интилганлар ўз ниятларига ета олмадилар. Дональд Трампнинг сайловдаги ғалабасидан кейинги илк расмий матбуот анжумани 11 январь куни ташкил этилди. Шунда у Россия ва Америка муносабатларига расмий қарашини баён этди ва бу муносабат ижобий эканлигига барча амин бўлди.
“Мен уни ҳалол инсон деб ҳисоблайман. Айни пайтда Россия билан муносабатларимиз жуда ёмон. Лекин Россия бизга “ИШИД” билан курашда жуда керак. Буни уддасидан чиқаманми, йўқми билмадиму, лекин Путин билан яхши алоқаларни йўлга қўйишга умид қиламан” - деган эди Россия ва Путин ҳақидаги саволларга жавоб берар экан Трамп.
Бугун матбуотда Америка томонидан дунёнинг ҳар икки гигант давлатларининг муносабатлари тўғрисида яна бир расмий муносабат билдирилди. АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп рус-америка муносабатларига янгича қараш таклиф этишга тайёр. Бу ҳақда сайланган Американинг сайланган вице-президенти Майк Пенс CBS телеканалига берган интерьюсига таъкидлади. Демак Россия ва АҚШни дўст бўлишига, яқин ҳамкор бўлишига ишонсак бўлади. Бундай дадил фикрни оммага сингдирган Трампга қойил қолмай иложимиз йўқ. Бундан ташқари, Пенс Трамп жамоасининг “россиялик хакерлар” билан алоқа ўрнатганлиги тўғрисдаги хабарларни қатъий рад этди. Мана бу баёнот америка куч ишлатар тизимлари ва маҳфий идоралари учун ҳақиқий зарба бўлгани тайин.
"Янги сайланган президент тимсолида Америка Қўшма Штатлари ва Россия ўртасида ҳозирги кунда юзага келган ўта ёмон муносабатларни бартараф этувчи ва ўзаро алоқаларни янги даражага олиб чиқувчи, Владимир Путин ва Россия билан алоқаларни яхшилаш учун очиқ бўлган кишини кўриб турибмиз", - деди вице-президент Пенс. Унинг сўзларига қараганда, Москва билан муносабатларнинг илиқлашуви ҳар икки давлат умумий манфатлари учун катта фойда бўлади.
“Ер юзида тинчлик ҳукмрон бўлиши учун Россия ва АҚШ ярашиши керак”, деганди АҚШнинг собиқ Иттифоқдаги элчиси лавозимида ишлаган Жек Метлок ўтган йили катта анжуманда. Унинг ниятларини Трамп томонидан амалга оширилаётгани кенг жамоатчиликни ҳурсанд қилмоқда.
Дарҳақиқат, ўзаро ҳамкорлик, аҳамиятга молик масалаларни биргаликда ҳал этилиши, дунёнинг турли бурчакларидаги уруш ўчоқларини бартараф этишдаги бирдамлик сайёрамизда тинчликни барқарор бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, бундай дўстона алоқалар жаҳон иқтисодиётини ҳам янги босқичга олиб чиқади.

Анвар Икрамов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия билан АҚШ яқин дўстга айланишди!