
Қирғизистонинг Чуй вилоятида содир бўлган навбатдаги оилавий зўравонлик воқеаси жамоатчиликни яна бир бор ўйга солди. Маълумотларга кўра, 47 ёшли аёл эридан кўрган шафқатсиз зўравонлик oқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бош бошқармаси маълумот тарқатди.
Хабарга кўра, 4 декабрь куни Сўқулуқ туманидан келиб тушган мурожаат асосида тергов гуруҳи Ближний Орол қишлоғига етиб борган. У ерда 1978 йилда туғилган аёлнинг жасади топилган. Дастлабки кўрикда унинг танасида кўплаб кўкаришлар, эзилган жойлар ва кучли зарбалар излари аниқланган. Марҳума ўликхонага юборилиб, суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Экспертлар хулосасига кўра, аёлнинг ўлимига ёпиқ бош мия жароҳати, мия чайқалиши ва такрор зарбалар туфайли юзага келган бош териси шикастлари сабаб бўлган. Тергов жараёнида аниқланишича, фуқаро бир кун аввал спиртли ичимлик истеъмол қилган эри томонидан шафқатсиз калтакланган.
Қонунчиликка мувофиқ, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 130-моддаси (баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 1969 йилда туғилган эркак – марҳуманинг турмуш ўртоғи – қўлга олинган ва вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Ҳозирда судгача тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бу каби ўта оғир воқеалар олдин ҳам қайд этилган. Яқинда Қозоғистонда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг собиқ маслаҳатчиси Ержан Бобоқумаров ҳам калтаклаб ўлдирилгани ҳақида маълумот тарқалганди.
Оилавий зўравонликка қарши кураш бугунги кунда минтақа учун долзарб масала бўлиб қолмоқда. Мутахассислар бундай ҳолатларни эрта аниқлаш, ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш ва аҳолининг онгини ошириш зарурлигини қайд этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.