
Австралия 16 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган дунёдаги биринчи давлатга айланди. Янги қонунга кўра, ТikТok, YouTube, Instagram ва Facebook каби йирик платформалар вояга етмаган фойдаланувчиларни блоклаши шарт. Акс ҳолда компаниялар 49,5 миллион Австралия долларигача жаримага тортилиши мумкин.
Ҳукумат бу қарорни ёшларнинг руҳий саломатлигини ҳимоя қилиш учун зарур деб ҳисоблайди. Тадқиқотлар кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказадиган ўсмирлар ёлғизлик, босим ва киберҳужум каби муаммоларга тез-тез дуч келишини кўрсатган. Шунинг учун мамлакат ёшлар учун хавфсизроқ муҳит яратишни мақсад қилган.
Платформалар фойдаланувчиларнинг ёшини аниқлаш учун юзни сканерлаш, хатти-ҳаракатларни таҳлил қилиш ёки ҳужжатлар орқали тасдиқлаш каби усуллардан фойдаланади. Элон Маскга тегишли Х (собиқ Twitter) ҳам қаршиликларга қарамай, қонунга бўйсунишини билдирди. Австралия ҳукумати бу жараённи доимий кузатиб боришини таъкидлади.
Баъзи ўсмирлар тақиқ уларга дўстлари билан мулоқот қилишни қийинлаштириши мумкинлигини айтмоқда. Шу билан бирга, мутахассислар бу чеклов бошқа давлатлар учун ҳам намуна бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Австралия тажрибаси келажакда халқаро даражадаги муҳокамаларга сабаб бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.