
Австрияда 14 ёшгача бўлган қизларнинг мактабларда ҳижоб кийишини тақиқлаш бўйича янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Reuters ва European Правда хабарига кўра, ҳукмрон коалиция мазкур ҳужжатни яқин кунларда парламент муҳокамасига киритиши режалаштирилган. Мазкур чеклов амалда қабул қилинса, у тахминан 12 минг нафар ўқувчига таъсир қилади.
Ташаббус тарафдорлари бу чорани “қизларнинг эркинлигини ҳимоя қилиш” сифатида баҳоламоқда. Либерал Неос партияси раҳбари Янник Шетти фикрича, мактабда диний мажбуриятлардан холи бўлган муҳит яратилиши керак. Ўта ўнгчи Озодлик партияси (FPÖ) эса ҳижоб тақиқини “биринчи қадам” деб ҳисоблаб, кейинчалик уни янада кенгайтириш тарафдори.
Шу билан бирга, бу қарор жиддий эътирозларга ҳам сабаб бўлган. Австрия Ислом диний жамияти тақиқни конституцион ҳуқуқлар ва диний эркинликка зид деб атади. Улар 2020 йилда 10 ёшгача бўлган қизлар учун киритилган шунга ўхшаш тақиқ Конституциявий суд томонидан “мусулмонларга қарши дискриминация” сифатида бекор қилинганини эслатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.