
Туркия расмийлари Сурия жанубида кескинлашиб бораётган вазиятни катта ташвиш билан кузатмоқда. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан баёнот берди.
Унга кўра, минтақа янада беқарорлашса, бу нафақат Сурия учун, балки бутун минтақада хавфсизликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
“Сурия жанубидаги вазиятни барқарорлаштириш катта аҳамиятга эга. Ҳозирда бизнинг асосий хавотиримиз — бу ерда Исроил аралашувининг тарқалиш эҳтимоли,” — деди Фидан.
Вазирнинг таъкидлашича, минтақадаги ҳудудлар устидан самарали назорат ўрнатиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади:
“Бу нафақат Сурия, балки Ироқ ва Иордания хавфсизлиги учун ҳам долзарб. Биз мулоқот, тинчлик ва келишув орқали барқарорликка эришишни қўллаб-қувватлаймиз.”
Фидан, шунингдек, Суриядаги PYD/YPG қуролли гуруҳларининг Исроилдан турли кўринишдаги ёрдам олаётганини эслатди:
“Бу узоқ йиллардан буён шундай. Агар кимдир мафкуравий кураш олиб боришни истаса, сиёсий йўлни танлаши керак. Агар қурол билан ҳаракат қилишда давом этилса, улар албатта тегишли жавоб олишади,” — деди вазир.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.