
Австралиянинг Сидней шаҳридаги Бонди-Бич ҳудудида Ҳанукка байрами вақтида қуролли ҳужум содир бўлди. Ҳодиса якшанба куни кечқурун бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, 29 нафар киши тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. Тадбирда тахминан мингга яқин одам иштирок этган.
Полиция ҳужумни яҳудий жамоасига қаратилган, атайлаб қилинган ҳаракат деб баҳолади. Гумонланувчилардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчиси оғир аҳволда шифохонага етказилган. Ҳозирда ҳужумга бошқа шахслар ҳам алоқадор бўлиши мумкинлиги текширилмоқда.
Австралия бош вазири Энтони Албанизе ҳодисани кескин қоралади ва бу мамлакат учун оғир кун эканини айтди. Унга кўра, хавфсизлик хизматлари воқеанинг сабабларини аниқлаш ва айбдорларни топиш устида иш олиб бормоқда.
Ҳодиса мамлакат ичида ва ташқарисида катта хавотир уйғотди. Турли диний ва жамоат ташкилотлари зўравонликни қоралаб баёнот берди. Ҳозирда воқеа содир бўлган ҳудудда ва бошқа жамоат жойларида хавфсизлик кучайтирилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.