
АҚШ Олий суди Доналд Трампнинг Чикаго ҳудудига Миллий гвардия қўшинларини юбориш режасини ҳозирча рад этди. Суд Иллинойс штати ва Чикаго шаҳри раҳбарияти берган даъво асосида қуйи суд қарорини ўз кучида қолдирди. Натижада юзлаб ҳарбий хизматчиларни ҳудудга жойлаштириш вақтинча тўхтатилди.
Суд қарорида ҳукумат ҳарбий кучлардан фойдаланиш учун етарли ҳуқуқий асос келтира олмагани айтилди. Олий суд президент Миллий гвардияни фақат фавқулодда ҳолатларда назоратга олиши мумкинлигини билдирди. Суднинг уч нафар аъзоси бу қарорга қарши овоз берди.
Трамп маъмурияти Чикаго атрофидаги намойишларни хавфли деб баҳолаб, федерал муассасалар ва ходимларни ҳимоя қилиш учун қўшин зарур эканини таъкидлаган. Бироқ штат ва шаҳар раҳбарлари намойишлар асосан тинч ўтаётгани ва вазиятни маҳаллий полиция назорат қила олаётганини маълум қилди.
Иллинойс губернатори ЖБ Притскер суд қарорини муҳим қадам деб баҳолади. Унинг айтишича, бу қарор марказий ҳокимият ваколатларининг ҳаддан ошишига йўл қўймайди. Суд иши давом этар экан, Чикагога қўшин юбориш масаласи кейинчалик яна кўриб чиқилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.