
Суданнинг уруш гирдобидаги Шимолий Дарфур вилоятида болалар орасида ўткир тўйиб овқатланмаслик ҳолатлари кескин кучайди. БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) бундай оилаларга гуманитар ёрдам етиб бориши учун ҳудудга кириш имконини зудлик билан таъминлашга чақирди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Al Jazeera хабарига кўра, Ум-Бару ҳудудида текширувдан ўтказилган 500 нафар боланинг 53 фоизида ўткир озиқланиш етишмовчилиги аниқланган. Уларнинг ҳар олтинчиси эса оғир даражадаги озиб кетишдан азият чекмоқда — бу ҳаёт учун хавфли ҳолат бўлиб, шошилинч даволашсиз бир неча ҳафта ичида ўлимга олиб келиши мумкин.
ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Расселл вақт омили ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини таъкидлади: ёрдамга кириш имкони бўлмаган ҳар бир кун қурбонлар сонини оширади. Қайд этилишича, ҳозир Ум-Баруда тахминан 100 минг нафар қочқин истиқомат қилмоқда.
2023 йилда бошланган можаро минглаб инсонлар ҳалок бўлишига, 12 миллиондан ортиқ одамнинг кўчишга мажбур бўлишига ва мамлакатнинг айрим ҳудудларида очарчилик юзага келишига сабаб бўлди. БМТ баҳосига кўра, Судан ҳозир дунёдаги “энг оғир гуманитар инқироз”лардан бирини бошдан кечирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.