Венесуэлада вақтинчалик президент вазифаси вице-президентга топширилди

Венесуэла Олий суди Николас Мадуро мамлакатда йўқлиги сабабли президент ваколатларини вақтинча вице-президент Делси Родригес бажаришини белгилади. Суд баёнотида бу қадам давлат бошқарувида узвийликни сақлаш, мамлакатни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва давлат институтлари барқарор ишлашини таъминлашга қаратилгани қайд этилди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Шу куни Делси Родригес Венесуэла давлат телевиденийеси орқали халққа мурожаат қилди. У Николас Мадуро ҳануз мамлакатнинг ягона қонуний президенти эканини таъкидлади, шунингдек АҚШнинг Венесуэлага нисбатан “қуролли тажовузи”ни қоралаб, амалдаги ҳокимият халқ ва давлат суверенитетини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди.
Мурожаат юқори мартабали амалдорлар иштирокида ёзиб олингани айтилди. Улар орасида Миллий ассамблея раиси Хорхе Родригес, ички ишлар вазири Диосдадо Кабелло ҳамда мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес бор.
Делси Элоина Родригес Гомес 1969 йил 18 майда туғилган. У Марказий Венесуэла университетида ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олган ва фаолиятини ташқи сиёсат билан боғлиқ давлат ҳамда халқаро тузилмаларда бошлаган.
2014–2017 йилларда у Венесуэла ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган, БМТ ва минтақавий ташкилотлар доирасида мамлакат позициясини ҳимоя қилган ҳамда санкциялар босими кучайган шароитда ташқи алоқаларни бошқарган. 2017 йилда эса Мадуро ташаббуси билан тузилган Конституциявий ассамблеяга раҳбарлик қилиб, у мухолифат назоратидаги парламент ваколатларининг бир қисмини ўз зиммасига олган.
2018 йил июндан буён Делси Родригес вице-президент лавозимида. Бу мақомда у ҳукуматнинг иқтисодий блокини мувофиқлаштиради, энергетика, санкциялар ва халқаро ҳамкорлик бўйича музокараларда иштирок этади.
Делси Родригес АҚШ, Европа Иттифоқи ва яна бир қатор давлатларнинг шахсий санкциялари остида. Чекловлар демократик институтларни заифлаштириш ва инсон ҳуқуқларини бузиш ҳақидаги айбловлар билан изоҳланган. У Венесуэла ижро ҳокимиятининг асосий фигураларидан бири ҳамда Мадуронинг яқин ҳамкорларидан саналади.
Аввалроқ АҚШ Мадуро ва унинг рафиқасини “наркотерроризм” ҳамда кокаин контрабандаси бўйича айблаган. 3 январга ўтар кечаси АҚШ Каракасдаги бир нечта объект, жумладан авиабаза ва ҳарбий базаларга зарбалар бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Доналд Трамп “кенг кўламли операция” ўтказилганини тасдиқлаб, Николас Мадуро рафиқаси билан бирга қўлга олингани ва мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини маълум қилди.
Европа Иттифоқи эса вазиятни диққат билан кузатаётганини билдириб, Мадуронинг легитимлиги етарли эмаслиги ҳақидаги аввалги позициясида қолишини қайд этди. Хабарда Мадуронинг қўлга олиниши Уго Чавес ҳокимиятга келган даврдан бошланган узоқ қарорлар, хатолар ва зиддиятлар занжирининг якуний нуқтаси сифатида талқин қилинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!