date

Эрон бўйлаб намойишлар авж олди: мухолифат икки шаҳар норозилар қўлига ўтганини айтмоқда

Эрон бўйлаб намойишлар авж олди: мухолифат икки шаҳар норозилар қўлига ўтганини айтмоқда

28 декабрдан бери Эронда миллий валютанинг кескин қадрсизланиши ва инфляция кучайиши фонида кенг кўламли норозиликлар давом этмоқда. Дастлаб Теҳрондаги Катта бозорда савдогарлар иш ташлаш эълон қилган, шундан сўнг намойишлар мамлакатнинг кўплаб ҳудудларига тарқалган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.

Намойишлар бошланганига ўн кун тўлар экан, чет элдаги эронлик мухолифат вакиллари ғарбий ҳудуддаги Абданан ва Малекшоҳи шаҳарларида назорат норозилар томонига ўтгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда 7 январ куни Fox News Эрон Миллий қаршилик кенгашига таяниб маълум қилди.

Муҳожирликдаги мухолифат вакили Али Сафавий ушбу шаҳарларда “жиддий воқеалар” бўлганини, кўчаларда “Хоманеийга ўлим!” каби шиорлар янграганини билдирди. Унинг айтишича, маҳаллий аҳоли юз бераётган ҳолатни оммавий тарзда нишонламоқда.

Миллий қаршилик кенгаши президенти Марям Ражавий ҳам X ижтимоий тармоғида баёнот бериб, норозилар “жазоловчи кучларни ортга чекинишга мажбур қилганини” таъкидлади.

Абданан Эроннинг ғарбида, Ироқ билан чегарага яқин Илом вилоятида жойлашган. Малекшоҳи эса ундан тахминан 100 километр нарида.

Мухолифат талқинига кўра, Абдананда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) намойишчиларни тарқатишга уринган. Бунга жавобан норозилар ИИҚК билан боғланади, дея кўрсатилаётган Ofogh Kourosh тармоғидаги дўконлардан бирини ёқиб юборган.

Малекшоҳида эса, мухолифат манбалари иддао қилишича, аввалги кунларда ҳалок бўлган Фарес Ога Муҳаммадининг дафн маросими пайтида тўқнашувлар бошланган. Шунингдек, Абданандаги воқеалар ҳақидаги хабарлар ортидан Малекшоҳидаги норозиликларга айрим полиция ходимлари ҳам қўшила бошлагани айтилмоқда.

Норозиликларни АҚШда яшаётган муҳожир мухолифат етакчиси Резо Паҳлавий ҳам қўллаб-қувватлади. У 6 январ куни The Washington Post’да эълон қилинган мақоласида Эрон 2026 йил бошида “чуқур ўзгаришлар ёқасига келиб қолганини” ёзди.

Паҳлавий фикрича, Ислом Республикаси ҳозир 1979 йилдан бери “энг заиф ва энг парчалангани” ҳолатида. У намойишчиларнинг озодлик талаблари билан бирга унинг номини ҳам шиор қилаётганини эслатиб, “зулмдан демократик келажак сари ўтиш” жараёнига бошчилик қилишга тайёрлигини билдирди.

У таклиф қилган уч тамойил: мамлакат ҳудудий яхлитлигини сақлаш, фуқаролар ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилиш ҳамда динни давлатдан ажратиш.

Эроннинг давлат ОАВлари шаҳарларда “эгаллаб олиш” ҳақидаги хабарларни рад этмоқда. Irna агентлиги Абдананда полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллаганини ёзди.

Tasnim эса бундан кейин намойишчилар “тарқалиб кетгани”, шаҳарда “тинчлик ва хавфсизлик” тиклангани ҳақида хабар берди. Абданан ва Малекшоҳи бўйича расмий доиралардан айнан “шаҳарлар назорати” масаласига оид алоҳида баёнот берилмади.

Шу билан бирга, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Дональд Трампнинг АҚШ намойишчиларга “ёрдам беришга тайёр” экани ҳақидаги гапларига муносабат билдириб, “Эроннинг ички ишлари унинг халқидан бошқа ҳеч кимга тааллуқли эмас”, деди.

Эрон олий раҳбари Али Хоманеий норозиликларга омма олдида фақат бир марта — 3 январ куни изоҳ берди. У иқтисодий муаммолар борлигини тан олган, бироқ валютадаги беқарорликни “душман иши” билан боғлаган.

Хоманеий “норозилик — тартибсизлик эмас” дея қайд этган бўлса-да, “вайронагарчилик қилувчилар билан гаплашиш бефойда” эканини ҳам айтган.

BBC Verify журналистлари ҳисоб-китобига кўра, 28 декабрдан бери намойишлар Эроннинг 31 вилоятидан камида 17 тасига ёйилган. Таҳлилчилар акциялар сони амалда бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Теҳронда ҳам вазият таранг: Катта бозордаги иш ташлашлар давом этмоқда, талабаларнинг “Диктаторга ўлим” ва “Норозилик — бизнинг ажралмас ҳуқуқимиз” деган шиорлар билан чиқишлари қайд этилган.

Human Rights Activists News Agency (HRANA) маълумотига кўра, 27 вилоят ва 22 университетда кузатилган ўн кунлик норозиликлар давомида камида 36 киши ҳалок бўлган: 34 нафари намойишчи, 2 нафари тартибот кучлари вакили. Икки мингдан ортиқ одам қўлга олингани айтилмоқда.

Мамлакатда кескинлик сақланиб қолмоқда: расмий манбалар ва мухолифат ахборотлари воқеаларга турлича баҳо беришда давом этяпти. Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябрида БМТ Эронга нисбатан 10 йиллик танаффусдан сўнг санкцияларни қайта тиклаган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Эрон бўйлаб намойишлар авж олди: мухолифат икки шаҳар норозилар қўлига ўтганини айтмоқда