Индонезияда қўл излари ва одам тасвирлари энг қадимги намуна бўлиб чиқди

Индонезияда фан учун ниҳоятда муҳим бўлган энг қадимий қоя тош суратлари аниқлангани маълум қилинди. Nature журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, бу топилмалар қадимги одамлар Жануби-Шарқий Осиё бўйлаб қайси йўналишларда ва қандай тарқалгани ҳақида янги ишоралар беради. Аввалроқ олимлар Сулавесининг жануби ҳамда Борнеонинг шарқидаги ғор расмларини энг қадимги намуналар деб келишган.
Таъкидланишича, Сулавеси оролининг жануби-шарқий қисми илгари етарлича ўрганилмаган ҳудуд ҳисобланган. Австралиянинг Брисбен университети олимлари Максим Оберт бошчилигида айнан шу минтақада 14 та янги археологик ёдгорликни қайд этди. Янги тасвирлар Муна оролидаги карст ғорларида топилиб, улар орасида бўялган қўл излари ҳамда одамлар тасвирлари ҳам бор.
Расмларнинг ёшини аниқлаш учун мутахассислар тасвирларни қисман қоплаб улгурган минералларни радиоизотоп таҳлилидан ўтказди. Натижалар суратларнинг энг кам ёши 67 800 йил эканини кўрсатди. Бу эса уларни ҳозиргача илмга маълум бўлган, инсон қўли билан яратилган энг қадимий тасвирлар қаторига олиб чиқмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!