date

Россия, Украина ва АҚШ делегациялари БААда учрашади, музокаралар техник даражада ўтади

Россия, Украина ва АҚШ делегациялари БААда учрашади, музокаралар техник даражада ўтади

Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида ўтган кескин учрашувлардан сўнг Украина, Россия ва АҚШ ўртасида уч томонлама музокаралар тайёрланаётгани маълум бўлди. Учрашувлар 23–24 январ кунлари Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилиши кутилмоқда. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.

22 январ куни Давосда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Украина президенти Владимир Зеленский қарийб бир соат давомида юзма-юз суҳбатлашди. Учрашувдан кейин Трамп мулоқот “яхши” ўтганини ва “ҳамма уруш тугашини истаётганини” айтиб, Швейцарияни тарк этди.

Бироқ Ғарб ОАВлари учрашув натижаларини эҳтиёткорлик билан баҳоламоқда. Financial Times хабарига кўра, Зеленский хавфсизлик кафолатлари ҳамда урушдан кейинги тикланиш бўйича аниқ мажбуриятларни ҳужжатга туширишга эриша олмаган. Трамп маъмурияти билан олдиндан келишилгани айтилган ҳужжатлар имзоланмай қолган.

Америкалик ҳамкасби билан мулоқотдан кейин Зеленский форумда кескин чиқиш қилиб, Европа етакчиларини ички келишмовчиликлар сабаб қатъиятсизликда айблади. У ўтган йил давомида вазият ўзгармаганини, Европада эса ўзини ҳимоя қилиш учун зарур сиёсий ирода ҳануз етишмаётганини таъкидлади. Зеленский Европани “чиройли, аммо бўлакларга бўлинган кичик ва ўрта давлатлар калейдоскопи” деб таърифлади.

У, шунингдек, Трамп илгари сурган “Тинчлик кенгаши” ташаббусини ҳам танқид қилди: Зеленскийга кўра, Европа бу масалада умумий позицияни ишлаб чиқа олмаган, кенгашда манфаатлари кескин фарқланувчи давлатлар бор, фронтда эса ҳатто ўт очишни тўхтатиш режими ҳам йўқ.

Зеленский Европа давлатларини янада қатъий чоралар кўришга чақириб, “соя флоти” орқали ташилаётган Россия нефтини тўхтатиш ва мусодара қилиш ғоясини илгари сурди. У Эрон ҳақида ҳам тўхталиб, унинг фикрича, халқнинг режимга қарши курашида халқаро ҳамжамият ёрдами етарли бўлмаяпти.

Навбатдаги босқич БААда бўлиб ўтадиган музокаралар бўлиши кутилмоқда. Зеленский бу учрашувларни “техник даражадаги” мулоқот деб атади: режаларга кўра, уч давлат делегациялари икки кун давомида эҳтимолий муросанинг тафсилотларини муҳокама қилади.

Бундан олдин АҚШ вакиллари Россия президенти Владимир Путин билан тўғридан тўғри музокара ўтказиши режалаштирилган. Учрашув 22 январ кечқурун бўлиб ўтиши айтилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Россия, Украина ва АҚШ делегациялари БААда учрашади, музокаралар техник даражада ўтади