АҚШда хоккей ўйинида отишма сабабли уч киши ҳалок бўлди

16 февраль куни Род-Айленд штатидаги Потакет шаҳрида мактаб жамоалари иштирокидаги хоккей мусобақаси вақтида отишма содир бўлди. Полиция маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, яна 3 нафар фуқаро оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Терговнинг дастлабки хулосаларига кўра, ҳодиса “мақсадли” бўлиб, оилавий келишмовчилик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Полиция гумонланувчи сифатида 56 ёшли Роберт Дорганни тилга олган, у мусобақада иштирок этган ўқувчилардан бирининг отаси экани айтилган. Хабарларга кўра, гумонланувчи ўз жонига қасд қилган, қурбонлар орасида ҳам у бор.
Гувоҳлар ҳужум пайтида қуролланган бошқа бир киши ҳужумчини тўхтатишга уринганини айтишган, воқеа жойидаги қуроллар мусодара қилинган. Айни пайтда полиция гувоҳларни сўроқ қилмоқда, видеоёзувлар ўрганилмоқда ва ҳодисанинг барча тафсилотлари аниқланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!