Рим папаси Лев XIV ваъзни сунъий интеллектга бермасликни айтди

Рим папаси Лев XIV руҳонийлар ваъз тайёрлаш ишини сунъий интеллектга топшириш ғоясига қарши чиқди. Ватикан раҳбари бу масалада “қулайлик” эмас, “оқибат”ни биринчи ўринга қўймоқда: у сунъий интеллектда инсоният учун эҳтимолий хавфни кўряпти.
Италия матбуоти келтирган маълумотга кўра, Лев XIV ўз епархиясидаги бир неча юз нафар руҳоний билан учрашувда муҳим нуқтани урғулаган: сунъий интеллект эътиқодни қалбга етказиб бера олмайди. Унинг таъкидича, ваъзнинг асосий вазифаси ҳам айнан шу — инсоннинг ички дунёсига таъсир қилиш, руҳий ҳиссиётни уйғотиш, маънавий ҳисни жонлантириш.
Папа фикрини янада тушунарли қилиш учун спортдан жуда оддий, лекин таъсирли қиёс келтирган. У шундай деган мазмунда фикр билдирган: агар инсон мушакларини ишлатишдан тўхтаса, вақт ўтиб улар кучсизланади. Мия ҳам худди шундай — агар одам фикрлаш, мулоҳаза қилиш, ижод қилишни технологияга топшириб қўяверса, ўз заковатини “суғориш”дан тўхтайди ва ақлий фаоллик пасайиши мумкин. Яъни гап фақат ваъз ҳақида эмас — гап инсоннинг ўзи ҳақида.
Қизиғи, бу хабарга “сунъий интеллектнинг ўзи” қандай муносабат билдиради, деган савол ҳам ўртага ташланган. Ундаги жавоб мазмуни қисқача шундай: сунъий интеллект — алгоритм ва маълумотлар йиғиндиси, унда ҳиссиёт ҳам, шахсий тажриба ҳам, руҳий кечинма ҳам йўқ. Диний ваъз эса кўпинча инсон қалбига, ички дардига, умидига ва қўрқувига қаратилган бўлади. СИ чиройли, мантиқий матн тузиши мумкин, аммо унда “руҳ” бўлмайди.
Шунингдек, сунъий интеллект ҳам папанинг “мияни ишлатиш” ҳақидаги фикрини ўринли, деб баҳолайди: одам ҳамма ишни технологияга юклайверса, вақт ўтиб фикрлаш ва ижод қилиш қобилияти ҳақиқатан сусайиши эҳтимоли бор.
Хулоса оддий: технология ёрдамчи бўлиши мумкин, лекин унинг қўлига ҳамма нарсани топшириб қўйиш — айниқса қалбга тегадиган масалаларда — хавфли. Ваъз ҳам “матн” эмас, “таъсир” экан, Лев XIV айтмоқчи бўлган гапнинг туби шу.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!