Ҳиндистонда ёқилғи инқирози: узун навбатлар ва жанжалар бошланди

Ҳормуз бўғозининг ёпилиши ортидан энг катта зарбани қабул қилаётган давлатлардан бири — Ҳиндистон бўлмоқда. Мамлакатда ёқилғи таъминоти билан боғлиқ вазият тобора мураккаблашиб бормоқда.
Хабарларга кўра, нефт компанияларининг ҳисоб-китоб тизимидаги ўзгаришлар ва Яқин Шарқдаги кескин вазият ёқилғи танқислигини кучайтирган. Бу эса аҳоли орасида хавотирни ошириб, ёқилғи қуйиш шохобчаларида узун навбатлар юзага келишига сабаб бўлган.
Айрим ҳудудларда навбатлар 500 метрдан ортиб кетгани қайд этилмоқда. Автомобил эгалари ёқилғи захира қилишга шошилмоқда, бу эса вазиятни янада кескинлаштирмоқда.
Шунингдек, баъзи ёқилғи қуйиш шохобчаларида одамлар ўртасида тортишувлар ва жанжаллар ҳам кузатилган. Мутахассислар бундай ҳолатлар давом этса, ижтимоий кескинлик янада ортиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Ҳозирча расмийлар вазиятни барқарорлаштириш чораларини кўраётганини маълум қилган бўлса-да, ёқилғи таъминотидаги узилишлар аҳоли ҳаётига жиддий таъсир ўтказмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!