Сталин сақланган машҳур Зиндон қалъасида таъмирлаш бошланди

Озарбайжоннинг Ленкоран шаҳрида жойлашган тарихий аҳамиятга эга меъморий иншоот — СССРни қарийб 30 йил давомида бошқарган Иосиф Сталин сақланган Зиндон қалъасини қайта таъмирлаш ишлари бошланди. Бу ҳақда “Oxu.az” нашри хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, реконструкция ишлари Озарбайжон Маданият вазирлиги буюртмаси асосида, маданий меросни муҳофаза қилиш хизмати назорати остида амалга оширилмоқда.
Таъмирлаш ишларига бир неча йил аввал бинодан том қисми қулаб тушгани ва шу сабабли қалъа яроқсиз ҳолатга келиб қолгани туртки бўлган.
Ушбу қалъанинг баландлиги 20 метр, диаметри эса 72 метрни ташкил этади. У турли даврларда турлича мақсадларда қўлланилган. Хусусан, 1869–1959 йиллар давомида у қамоқхона сифатида фаолият юритиб, “Зиндон қалъаси” номи билан машҳур бўлган.
Тарихий манбаларга кўра, ХХ аср бошларида мазкур жойда Иосиф Сталин ҳам сақланган. У 1903–1904 йилларда ҳукумат маблағларини ташиб кетаётган поездни босқин қилиш иши бўйича ҳибсга олинган ва кейинчалик сафдошлари ёрдами билан қочиб кетган.
Қамоқхона аслида 140 нафарга мўлжалланган бўлса-да, амалда 310 нафаргача маҳбус сақлангани айтилмоқда. Улар қалъага ерости йўли орқали олиб кирилган, бироқ вақт ўтиши билан ерости сувлари таъсирида ушбу йўл яроқсиз ҳолга келган.
Шунингдек, бинодан 1970–1990 йиллар оралиғида тикув фабрикаси сифатида ҳам фойдаланилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!