Чарлз III Трампга тарихий қўнғироқни ҳадя қилди

Буюк Британия қироли Чарлз III АҚШга расмий ташрифи чоғида Президент Доналд Трампга ўзига хос ва тарихий совға тақдим этди. Бу ҳақда “C-Span” маълум қилди.
Маълумотларга кўра, қирол Оқ уй раҳбарига Британия ҳарбий-денгиз флотига тегишли сувости кемасининг қўнғироғини совға қилган. Ушбу буюм 1944 йилда хизматга кирган HMS Trump сувости кемасидан олинган бўлиб, тарихий аҳамиятга эга экани билан ажралиб туради.
Совға НАТО ва АУКУС ҳарбий иттифоқларидаги АҚШ ва Буюк Британия ҳамкорлиги ҳақида суҳбатдан сўнг топширилган. Чарлз III бу совғани “икки давлат ўртасидаги умумий тарих ва мустаҳкам иттифоқ рамзи” сифатида таърифлаган.
Қирол ўз нутқида Трампга қарата шундай деди:
“Сизга шахсий совға сифатида номдошингиз бўлган кеманинг асл қўнғироғини тақдим этаман. У мамлакатларимизнинг умумий тарихи ва келажакдаги ҳамкорлигига гувоҳ бўлиб қолсин.”
Шунингдек, Чарлз III ҳазил аралаш тарзда агар Трампга Буюк Британия билан боғланиш зарур бўлса, “шунчаки қўнғироқ қилиш” кифоя эканини айтиб, кулгили ишора ҳам қилган. Инглиз тилидаги “ring” сўзининг икки маъноси — қўнғироқ чалиш ва телефон қилиш — бу ҳазилга асос бўлган.
Ушбу совға халқаро муносабатларда рамзий аҳамиятга эга бўлиб, икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилгани таъкидланмоқда.
