Қозоғистон Россия электр энергияси импортидан воз кечмоқчи

Қозоғистон 2027 йилдан бошлаб Россиядан электр энергияси импорт қилишни тўлиқ тўхтатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат энергетика вазири ўринбосари Сунгат Есимханов маълум қилди.
Унинг айтишича, режалаштирилган энергетика объектлари ўз вақтида ишга туширилса, мамлакат ички эҳтиёжни мустақил равишда таъминлай олади.
Шу билан бирга, бу режа атом электр станцияси қурилиши якунланишини кутмасдан амалга оширилиши таъкидланган. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Қозоғистонда 123,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Истеъмол ҳажми эса 124,6 миллиард кВт/соатни ташкил этган. Ҳозирда мавжуд танқисликнинг маълум қисми Россиядан импорт орқали қопланмоқда.
Маълум қилинишича, импорт қилинган электр энергиясининг бир қисми Қирғизистонга қайта экспорт ҳам қилинади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!