13:30 / 10.04.2017
5 265

Францияда президентлик сайловолди кампанияси қизғин палласига кирди

Францияда президентлик сайловолди кампанияси қизғин палласига кирди
Франция расман сайловолди кампаниясига кирмоқда. 10 апрелдан президентлик учун номзодлар "ташвиқотлар уруши"ни бошлашади. Франциялик сайловчилар бугундан эътиборан 11 нафар номзодга доир маълумотларни кўришлари мумкин бўлади.

Ҳар бир номзод телевидение ва радиода давлат томонидан кафолатланган эфир вақтига эга. Номзодларнинг ўз дастурларини илгари суришда тенгликка риоя қилишларини Франция Олий аудиовизуал кенгаши назорат қилади. Бу ҳақда ТАСС агентлигига асосланиб "Кун.уз" нашри ёзмоқда.

Жорий кампаниянинг аввалги босқичида бўлиб ўтган телевизион дебатлар ва рейтинг кўрсаткичлари Франция сайловчилари қайси кайфиятда эканига аниқлик кирита олмади. Сайловолди пойгасининг етакчиси "Миллий фронт" раҳбари Марин Ле Пен энг барқарор тафдорларга эга. Уни қўллаб-қувватловчиларнинг 80 фоизи ўз танловларида ҳақ эканликларига ишонишмоқда. Пойганинг яна бир етакчиси "Маршда" ҳаракати номзоди Эмманюэль Макрон тарафдорларининг атиги 50 фоизи шундай ишончни билдиришган, холос.

Республикачилар партияси номзоди Франсуа Фийон вакилининг сўзларига кўра, "президентлик пойгасининг ушбу босқичи анча қизғин бўлади". Франция собиқ бош вазири, ҳозирда, Миллий мажлис депутати Фийон Парижда митинг ташкил этди.

Сўл кайфиятдаги "Бўйсунмаган Франция" номзоди Жан-Люк Меланшон Марселда ўтказган митингида 70 минг тарафдорини тўплашга муваффақ бўлди. Ижтимоий хизматларнинг сўнгги тадқиқотларига кўра, Меланшон ўз тарафдорлари сонини ошириб бормоқда ва деярли ҳар бешинчи францияликнинг қўллаб-қувватлашига эришган. У ҳукмрон Социалистик партиянинг расмий номзоди Бенуа Амон тарафдорлари сонидан икки баробар кўпроқ тарафдорларга эга.

Шунга кўра, "Бўйсунмаган Франция" номзоди президентлик пойгасининг 3 нафар етакчиси Ле Пен, Макрон ва Фийонга яқинлашиб қолди.

Франция президентлик сайловининг 23 апрелда бўлиб ўтувчи биринчи тури 11 нафар номзод кураш олиб боради. 7 май куни ташкил этиладиган иккинчи тур овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг энг кўп овозига эга бўлган икки номзод курашни давом эттиради.

Иккинчи босқичда ғалаба қозонган номзод Франция президенти деб эълон қилинади ва Елисей саройида Франсуа Олланд ўрнини эгаллайди. Маълумки, рейтингининг тўхтовсиз пасайиши Олланднинг иккинчи муддатга номзодини илгари сурмаслигига сабаб бўлди.

Шундай қилиб, 22 апрелга ўтар кечаси сайловолди сокинлик куни қоидаси жорий этилади.

Шу лаҳзадан бошлаб овоз бериш участкалари ёпилгунига қадар, Ўзбекистонда бўлгани каби "хусусий ёки тўлиқ прогнозлар эълон қилиниши, тарқатилиши ёхуд изоҳланиши мумкин эмас", яъни экзит полларга рухсат берилмайди.

Экзит поллар (овоз беришда қатнашганлардан кимга овоз берганлигини сўраш)ни тўлиқ тақиқлаш 2012 йилги сайловларда илк бор қўлланилди. Мазкур қонунга риоя қилинишини Олий аудиовизуал кенгаш экспертлари ҳамда ижтимоий сўровлар бўйича махсус комиссия назорат қилади.

Сайлов ҳақидаги маълумотларни сайлов куни ёдга олиш ва эслатиш журналистларнинг шахсий ёзишмаларида ҳам тақиқланган. Бу тақиқ нафақат маҳаллий, балки хорижий ОАВга ҳам тегишлидир.

Мазкур тақиқни бузганларга эса катта миқдорда жарима қўлланилиши белгилаб қўйилган. Хусусан, жисмоний шахсларга 75 минг евро, ОАВ таҳририятларига 375 минг евро жарима солиниши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Францияда президентлик сайловолди кампанияси қизғин палласига кирди