АҚШ Эрон ядровий қуролга эга бўлишига қарши чиқмоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан боғлиқ вазият юзасидан бир қатор кескин баёнотлар берди. Унинг айтишича, Вашингтон Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлишига ҳеч қачон йўл қўймайди.
Трамп Эроннинг ҳарбий жиҳатдан жиддий зарар кўрганини таъкидлаб, расмий Теҳрон буни ҳали тўлиқ англаб етмаган бўлиши мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, у АҚШ истаса икки ҳафта ичида Эрон ҳудудидаги барча нишонларни йўқ қилиш имкониятига эга бўлганини билдирган.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, Эрон раҳбариятининг юқори даражадаги уч нафар вакили йўқ қилинган. Бироқ у ҳозир ҳам маълум даражада ваколатга эга шахслар билан мулоқот олиб борилаётганини қайд этган.
Трамп, шунингдек, Эроннинг ҳарбий салоҳияти сезиларли даражада заифлашганини таъкидлади. Унинг фикрича, мамлакатда деярли ҳарбий-денгиз флоти, ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими қолмаган.
Баёнот давомида Дональд Трамп генерал Қосим Сулаймоний ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг айтишича, агар Сулаймоний йўқ қилинмаганида, Эрон бугун мутлақо бошқача давлат бўлар эди. Трамп уни “қобилиятли, аммо ёвуз даҳо” деб таърифлаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!