Исландия дунёдаги энг қиммат мамлакатга айланди

Исландия яшаш харажатлари бўйича дунёдаги энг қиммат мамлакат деб топилди. Янги маълумотларга кўра, ушбу мамлакатдаги умумий нархлар Европа ўртача кўрсаткичидан 84 фоизга юқори. Шу тариқа, Исландия бу борада узоқ йиллар қиммат давлатлар қаторида тилга олинган Швейцарияни ҳам ортда қолдирди.
Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи аҳоли ва сайёҳлар учун сезиларли даражада юқори. Гўшт маҳсулотлари Европа ўртача нархларидан 71 фоиз қимматроқ экани қайд этилмоқда. Шунингдек, автомобиллар ҳам тахминан 40 фоизга юқори нархда сотилади.
Мутахассислар бундай қимматчиликни фақат юқори маошлар билан изоҳлаб бўлмаслигини таъкидламоқда. Мамлакатдаги солиқ юки, импортга боғлиқлик, логистика харажатлари ва бозорда рақобатнинг нисбатан заифлиги ҳам нархлар ошишига таъсир қилмоқда.
Шу билан бирга, Исландияда нархлар кўплаб Европа давлатларига қараганда тезроқ ўсиб бормоқда. Бу эса мамлакатда яшашни янада қимматлаштиряпти. Қисқаси, Исландия табиати, манзаралари ва ҳаёт сифати билан жуда жозибали, аммо у ерда яшаш ҳам, саёҳат қилиш ҳам анча қимматга тушади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!