АҚШ ва Эрон 60 кунлик меморандум лойиҳасини келишиб олишди

АҚШ ва Эрон музокарачилари сулҳни сақлаш ҳамда ядровий музокараларни қайта бошлаш бўйича 60 кунлик меморандум лойиҳасини келишиб олгани хабар қилинмоқда. Axios нашри икки америкалик амалдор ва жараёндан хабардор яна бир манбага таяниб, томонлар ҳужжатнинг асосий бандлари бўйича умумий тўхтамга келганини ёзди.
Маълумотларга кўра, меморандум лойиҳасида Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларнинг божларсиз, тўсиқларсиз ва ҳибсга олинмасдан эркин ҳаракатланиши назарда тутилган. Шунингдек, Эрон 30 кун ичида денгиз йўлагидаги миналарни тозалаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши мумкин.
Лойиҳада АҚШ томони Эроннинг музлатилган активларини озод қилиш ва санкцияларни юмшатиш масалаларини муҳокама қилиши кераклиги ҳам қайд этилган. Бундан ташқари, ҳужжатда Эронга гуманитар ёрдам олиш имконини берадиган махсус механизм ҳақида ҳам сўз боради.
Бироқ Axios таъкидлашича, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам, Эрон раҳбарияти ҳам ҳозирча ушбу меморандум лойиҳасини расман тасдиқламаган. Шу сабаб келишув якуний босқичга етган бўлса-да, унинг кучга кириши ҳали сиёсий қарорларга боғлиқ бўлиб турибди.
24 май куни Доналд Трамп тинчлик шартномаси лойиҳаси деярли келишилганини айтган эди. Эрон томони ҳам музокарачилар ҳужжат бўйича алоқада бўлганини тасдиқлаган. Бироқ бундан бир кун аввал Трамп музокаралар жараёнидан норозилигини билдириб, вазият издан чиқса, янги ҳарбий ҳаракатлар бошланиши мумкинлигига ишора қилганди.
Қисқаси, АҚШ ва Эрон ўртасидаги 60 кунлик меморандум лойиҳаси минтақадаги кескинликни пасайтириш ва ядровий музокараларни қайта жонлантириш учун муҳим имконият сифатида кўрилмоқда. Аммо ҳозирча гап қоғоздаги келишув ҳақида кетяпти — уни реал тинчликка айлантириш эса томонларнинг кейинги сиёсий иродасига боғлиқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!