Туркияда 3-қаватдан қулаган ўзбекистонлик аёл Ватанга қайтарилди

Туркиянинг Бурса шаҳрида бахтсиз ҳодисага учраган Ўзбекистон фуқароси юртимизга олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, фуқаро З.Н. ишлаш мақсадида Туркияга борган вақтда бахтсиз ҳодисага учраб, турар жойнинг учинчи қаватидан қулаб тушган. Оқибатда у турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
Ҳодиса содир бўлиши билан жабрланувчига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиб, у шифохонага ётқизилган. Шифокорлар назорати остида зарур даволаш муолажалари амалга оширилган.
Бош консулхона маълумотига кўра, воқеадан хабар топган Бурса шаҳрида истиқомат қилаётган ҳамюртларимиз бирлашиб, кўнгилли равишда навбатчилик ташкил этган. Улар фуқаронинг даволаниши, парвариши ва эҳтиёжларини таъминлашда фаол иштирок этган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамкорлигида зарур ташкилий ишлар бажарилиб, фуқаро муваффақиятли равишда Туркиядан Ўзбекистонга қайтарилган.
Расмийлар инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик намунасини намоён этган Бурса шаҳридаги кўнгилли ўзбекистонликларга, шунингдек, «Ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти»га кўрсатган беғараз ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди.






























Изоҳлар 0
…