Москвада аёллар кийимида юрган икки хорижлик депортация қилинади

Москвада аёллар кийимида юрган икки хорижлик депортация қилинади

Москвадаги “Садовод” бозорида аёллар кийимида юргани айтилган икки хорижлик “ЛГБТ тарғиботи”да айбланиб, 10 суткага маъмурий қамоққа олинди. Люблин суди уларни Россиядан депортация қилиш ҳақида ҳам қарор чиқарган. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Суд ҳужжатларига кўра, Раҳимов Х. ва Саизода Й. 18 август куни соат 21:00 атрофида бозорда қўлга олинган. Улар гўёки “Танлаш эркинлиги” мазмунидаги шиор ёзилган аёллар кийимида бўлган. Бироқ иш материалларида кийимларнинг айнан қандай кўринишда экани ёки шиор қандай тасвирлангани батафсил кўрсатилмаган.

Полиция уларнинг хатти-ҳаракатларини “ноанъанавий жинсий муносабатларнинг жозибадорлигини намойиш этиш” сифатида баҳолаган. Суд эса Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаси асосида ҳар бирига 10 суткалик қамоқ жазоси тайинлаган.

Шунингдек, эркакларни хорижий фуқароларни сақлаш марказига юбориш ва кейинчалик мамлакатдан чиқариб юбориш белгиланган. Депортациядан сўнг уларга Россияга кириш учун беш йил муддатга тақиқ қўйилиши ҳам кўзда тутилган.

Суд жараёнида Раҳимовнинг турмуш қургани ва бир нафар фарзанди борлиги, Саизоданинг эса тўрт нафар вояга етмаган фарзанди борлиги маълум бўлган. Суд ҳужжатларида уларнинг фуқаролиги кўрсатилмаган, айрим нашрлар эса уларни Тожикистон фуқаролари деб ёзган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар