Жонли эфирдаги қотиллик: Сезар Гастелум нега ўлдирилган эди? Қотиллар фош бўлди

Мексика ҳуқуқ-тартибот органлари ижтимоий тармоқларда кенг шов-шувга сабаб бўлган 25 ёшли блогер Сесар Даниэль Ноласко Гастелумнинг (тармоқларда Сезар Гастелум ёки «Цезарин» номи билан машҳур) ўлдирилиши юзасидан кенг кўламли махсус операцияни муваффақиятли якунлади.
Мексика Хавфсизлик ва фуқароларни ҳимоя қилиш вазири Омар Гарсия Харфучнинг расман маълум қилишича, Миллий разведка маркази томонидан олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида қотилликда гумонланган шахслар Пуэбла штатида аниқланиб, қўлга олинган.
Қонли операция: Тезкор ходимларга қуролли ҳужум
Гумонланувчи Хесус Альберто «Н» исмли шахсни ушлаш жараёни Сан-Андрес-Чолула ҳудудида ҳақиқий қуролли тўқнашувга айланди:
Полицияга қарата ўт очилди: Терговчилар ва махсус бўлинма ходимлари яқинлашганда, уч нафар қуролланган жиноятчи уларга қарши ўт очган;
Жавоб зарбаси ва йўқотиш: Ҳуқуқ-тартибот органларининг жавоб отишмаси натижасида ҳужумчилардан бири воқеа жойида йўқ қилинган, қолган икки нафари — жумладан, асосий гумонланувчи Хесус Альберто ярадор ҳолда қўлга олинган;
Мусодара қилинган қурол-аслаҳа: Тезкор тадбир давомида жиноятчилардан уч дона ўқотар қурол, катта миқдордаги ўқ-дорилар ва транспорт воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
4 августдаги даҳшат: Жонли эфир узилмаган эди
Ушбу шов-шувли жиноят 4 август куни Синалоа штатининг Кулиакан шаҳрида содир этилган эди:
Мотоциклдаги қотиллар: Блогер тезкор овқатланиш ресторани ёнида бир неча таниши билан ижтимоий тармоқда жонли эфир (стрим) олиб бораётган пайтда, мотоциклда келган икки нафар қуролли шахс унга қарата бир нечта ўқ узган ва воқеа жойидан яширинган;
Камерага муҳрланган фожиа: Ҳужумдан олдинги лаҳзалар ва одамларнинг нажот сўраб бақирган овозлари тўғридан-тўғри эфирга тушиб қолган;
Жиноят сабаби: Терговчилар қотиллик блогернинг ижтимоий тармоқларда эълон қилган шов-шувли контентлари ва баёнотлари билан боғлиқ ёки йўқлигини синчковлик билан ўрганмоқда.
Мексика ҳукумати расмийси Гарсия Харфуч барча иштирокчиларнинг шахси тўлиқ аниқланганини таъкидлаб: «Ҳеч ким жазосиз қолмайди», — дея баёнот берди.































Изоҳлар 0
…