Жалолиддин Аҳмадалиев: «Мен кибрли ҳам эмасман, муғомбир ҳам эмасман» (видео)

Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев Kun.uz’га берган интервьюсида мухлислар билан суратга тушиш борасида дуч келадиган турли муносабатлар ҳақида гапирди.
Санъаткор айрим ҳолатларда одамлар билан суратга тушмаса, уни «кибр бўлиб кетибди» ёки «муғомбирлик қиляпти», деб ўйлашларидан хафа бўлишини айтди. Шу муносабат билан у ҳаётида юз берган бир воқеани эслади.
Хонанданинг айтишича, бир куни ўғли қаттиқ бетоб бўлиб қолган. У фарзандини зудлик билан шифохонага олиб борган ва шифокор кўригидан ўтказган.
«Ўғлимни қаттиқ мазаси қочиб қолди. Инфекцион касалликлар шифохонасига олиб бориб, ичкарига кириб кетганимни кўрган одамлар бор экан. Шифокор дори-дармон ёзиб бериб, “тез олиб келинг”, деди.
Дори олиш учун чиқсам, атрофимни ўраб олиб, “Расмга тушайлик”, дейишди. “Эй инсонлар, мен боламни олиб келдим. Ҳозир эмас, озгина болам тузалиб, кўнглим ёришсин. Кейин нима десангиз ҳам қиламан, расмга тушаман, хоҳласангиз қўшиқ ҳам айтиб бераман. Мен ҳам отаман-ку”, дедим», — дея хотирлади Жалолиддин Аҳмадалиев.
Хонанда бундай вазиятда ҳам унинг хатти-ҳаракатини «кибр» деб баҳолаганлар бўлганини айтди.
«Шунда ҳам атрофимда “кибрланма”, “бундай қилма”, деган гаплар бўлди. Бу керак эмас. Биз ҳам ҳамма қатори одаммиз-ку. Шунинг учун шундай нотўғри ўй ва тушунчаларни олиб ташлаш керак. Кайфият ҳар доим ҳам юқори бўлавермайди. Лекин шундай пайтларда ҳам кулиб юришга мажбурмиз.
Айтмоқчиманки, мен кибрли ҳам эмасман, муғомбир ҳам эмасман», — деди хонанда.






























Изоҳлар 0
…