Венгрияда маст эркак самолёт ўғирлаб, АЭС томон учди

Венгрияда 24 ёшли эркак Калоча шаҳридаги аэродромдан Cessna 172 русумли енгил самолётни рухсатсиз олиб, мамлакатдаги Пакш атом электр станцияси томон учган. Бу ҳақда "Eurointegration" хабар берди.
Ҳодиса 29 август куни эрталаб содир бўлган. Ҳарбий радарлар самолёт ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай уни аниқлаган. У Пакш АЭС яқинидаги махсус муҳофаза қилинадиган ҳаво ҳудуди томон ҳаракатлангани сабабли Венгрия Ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита JAS 39 Gripen қирувчи самолёти ҳавога кўтарилган.
Бироқ қирувчилар етиб келишидан олдин Cessna 172 Герйен қишлоғи яқинидаги кунгабоқар даласига мажбуран қўнган. Самолёт шикастланган, эркак эса енгил жароҳат олган. У воқеа жойидан пиёда кетиб, ёрдам бериш учун тўхтаган ҳайдовчининг автомобилини ҳам олиб қочишга уринган. Кўп ўтмай полиция томонидан қўлга олинган.
Текширув давомида 24 ёшли эркак маст ҳолатда бўлгани аниқланган. Ҳуқуқ-тартибот органлари самолётни ноқонуний эгаллаб олиш ва бошқа эҳтимолий ҳуқуқбузарликлар бўйича тергов олиб бормоқда.
Пакш атом электр станцияси Венгриядаги ягона тижорий атом электр станцияси ҳисобланади. Унинг атрофидаги ҳаво ҳудуди махсус муҳофаза қилинади.






























Изоҳлар 0
…