Янги туғилган қизалоқ 15 марта пичоқланган ҳолда топилди

Янги туғилган қизалоқ 15 марта пичоқланган ҳолда топилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Буюк Британиянинг Шеффилд шаҳрида янги туғилган чақалоқ Мария Скопованинг ўлими билан боғлиқ оғир жиноят иши кўриб чиқилмоқда, унда чақалоқ танасида кўплаб оғир жароҳатлар аниқланган.
  • Бу иш бўйича чақалоқнинг 20 ёшли онаси Андреа Скопова, 19 ёшли Питер Хорват, 38 ёшли Питер Хорват ва 37 ёшли Нина Хорватова жавобгарликка тортилган, улар боланинг ўлимига алоқадорликда ва жиноят жойини тозалашда айбланмоқда.

Буюк Британиянинг Шеффилд шаҳрида янги туғилган қизалоқнинг ўлими билан боғлиқ оғир жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда. Ҳодиса юзасидан тўрт нафар катта ёшли шахс, жумладан, чақалоқнинг 20 ёшли онаси Андреа Скопова жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 15 ёшли қиз ҳам одил судлов жараёнига тўсқинлик қилишда айбланмоқда. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.

Маълум қилинишича, 20 ёшли Андреа Скопова, 19 ёшли Питер Хорват, 38 ёшли Питер Хорват ва 37 ёшли Нина Хорватова Словакия фуқаролари ҳисобланади. Улар янги туғилган қизалоқнинг ўлимига алоқадорликда айбланмоқда.

Чақалоқ дастлаб суд ҳужжатларида “Baby S” номи билан қайд этилган. Бироқ шу ҳафта бошида Шеффилдда бошланган суд жараёнида унинг ҳақиқий исми Мария Скопова экани маълум бўлди.

Прокурор судда чақалоқ танасида кўплаб жароҳатлар аниқланганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, қизалоқнинг юзи ҳамда танасининг олд ва орқа қисмида оғир жароҳатлар бўлган.

Мариянинг жасади жорий йилнинг 30 август куни Жанубий Йоркширнинг Шеффилд шаҳридаги Уинкобанк ҳудудида жойлашган уйга қарашли қўшимча бинодан топилган. Чақалоқ сочиққа ўралган ҳолда, кўк рангли сумкага солинган ва кир ювиш машинаси устига қўйилган бўлган.

Судда прокурор Скопова чақалоқнинг онаси эканини, боланинг отаси эса номаълумлигини айтди. Скопованинг севгилиси Питер Хорват ҳам айбланувчилар қаторида. Хорват қолган икки катта ёшли судланувчи — Питер Хорват ва Нина Хорватованинг ўғли ҳисобланади. Бироқ судда унинг чақалоқнинг биологик отаси эмаслиги маълум қилинди.

Тўрт нафар катта ёшли судланувчига боланинг ўлимига сабаб бўлган ёки унинг ўлимига йўл қўйганлик билан бир қаторда, жиноят содир этилган жойни тозалаш ва шу орқали одил судлов жараёнига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ қўшимча айбловлар ҳам қўйилган.

Бундан ташқари, 15 ёшли қиз ҳам мазкур суд мажлисида одил судлов жараёнига тўсқинлик қилишда айбланган. Қонун талабларига кўра, унинг шахси ошкор қилинмаган.

Судланувчилар 2 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисда ўзларига қўйилган айбловларни на тан олган, на рад этган. Судья Жереми Ричардсон барча судланувчиларни ҳибсда сақлаш ҳақида қарор қабул қилган.

Навбатдаги суд мажлиси жорий йилнинг 14 декабрига белгиланган.

Маълум қилинишича, иш бўйича асосий суд жараёни 2027 йил 12 апрелдан бошланиши режалаштирилган. Асосий суд муҳокамалари олти-етти ҳафта давом этиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар