Энн Карсон адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди

Бугун, 8 октябрь куни адабиёт бўйича 2026 йилги Нобель мукофоти соҳибаси маълум қилинди. Нуфузли мукофот канадалик шоир ва ёзувчи Энн Карсонга берилди.
Нобель қўмитаси Карсонни «классик анъаналар билан эркин мулоқотда замонавий адабиёт учун янги шакллар яратган журъатли ва ижодкорона асарлари» учун мукофотлаганини маълум қилди.
Энн Карсон 1950 йилда Канаданинг Торонто шаҳрида туғилган. У 1981 йилда классик филология йўналишида «Odi et Amo Ergo Sum» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Карсон ижодий фаолияти давомида шеърият, таржимонлик ва илмий-педагогик ишларни бирга олиб борган. Унинг асарларида қадимги классик мерос билан замонавий адабиёт ўртасидаги уйғунлик муҳим ўрин тутади.
Ёзувчининг ижодида сўзларнинг келиб чиқиши ва маъноси алоҳида аҳамият касб этади. Карсоннинг ўзи ҳам сўзлар этимологиясини ўз ижодининг асосий манбаларидан бири сифатида таърифлаган.
Энн Карсон турли йилларда Макгилл, Мичиган ва Принстон университетларида дарс берган. У 1998 йилда Гуггенхайм стипендиясига, 2000 йилда эса Мак-Артур стипендиясига сазовор бўлган.
Шунингдек, у Ланнан адабий мукофоти лауреати ҳисобланади. 2014 йилда «Red Doc>» асари учун Гриффин шеърият мукофотини қўлга киритган.
Карсоннинг Нобель мукофотига сазовор бўлиши уни XXI аср замонавий шеъриятининг энг ўзига хос ва йирик намояндаларидан бири сифатида яна бир бор эътироф этди.






























Изоҳлар 0
…