Тошкентда маҳкум қамоқхонадан туриб наркосавдони бошқарган: 9 киши судланди

Тошкентда жазони ижро этиш колониясида жазо ўтаётган маҳкум уяли телефон орқали гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланиб келгани аниқланди. Ушбу жиноий фаолиятга алоқадор яна саккиз нафар шериги ҳам қўлга олинди. Жиноят иши бўйича жами 9 киши судланди. Бу ҳақда Олий суд вакили Азиз Обидов маълум қилди.
Тергов материалларига кўра, маҳкумга колония раҳбари томонидан телефондан фойдаланиш ва тақиқланган фаолият билан шуғулланиш учун шароит яратилган. У озодликда бўлган шериклари ёрдамида гиёҳвандлик воситаларини тарқатишни ташкил этган.
Тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳга алоқадор деб гумон қилинган 9 нафар шахс қўлга олинган. Иш Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, гуруҳ раҳбари бўлган маҳкум Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбдор деб топилиб, 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, у ўта хавфли рецидивист деб топилиб, жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланди.
Жиноий гуруҳнинг яна олти нафар эркак аъзоси 10 йилдан 14 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Гуруҳ таркибида бўлган икки нафар аёлга ҳам суд томонидан жазо тайинланди. Улардан бири аввалги ҳукми бўйича ўталмаган жазо муддати ҳам ҳисобга олинган ҳолда 8 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, унга жазони ўташ муассасасида гиёҳвандликдан мажбурий даволаниш чораси белгиланди.
Гуруҳнинг иккинчи аёл аъзоси эса 7 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…