Телефон орқали тарихдаги илк суҳбат қандай кечган?

Телефон орқали тарихдаги илк суҳбат қандай кечган?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • 1876 йил 9 октябрда Александр Грем Белл ва Томас Уоцон телефон орқали илк бор икки томонлама суҳбатни амалга оширди.
  • Бу тажриба давомида улар Бостон ва Кембриж шаҳарларида туриб, мавжуд телеграф симидан фойдаланган ҳолда мулоқот қилди.
  • Тарихий суҳбатнинг қайдлари кейинчалик биргаликда эълон қилинган ва бу воқеа телефон алоқаси ривожида муҳим босқич бўлди.

1876 йил 9 октябрь куни телефон ихтирочиси Александр Грем Белл ва унинг ёрдамчиси Томас Уотсон лабораториядан ташқарида туриб, телефон орқали илк бор икки томонлама суҳбатлашди. Қарийб уч соат давом этган ушбу тажриба телефон алоқаси ривожида муҳим воқеага айланди.

Смитсон институти кутубхоналари маълумотига кўра, ўша куни Белл АҚШнинг Бостон шаҳридаги Walworth Manufacturing компанияси офисида, Уотсон эса қўшни Кембриж шаҳрида бўлган. Улар алоқа ўрнатиш учун янги линия тортмасдан, компания офиси ва заводини боғлаб турган телеграф симидан фойдаланган.

Тарихий суҳбат давомида икки ихтирочи айтилган гапларни алоҳида ёзиб борган. Кейинчалик уларнинг қайдлари биргаликда эълон қилинган. Бу воқеа 1961 йилда Кембрижпортда ўрнатилган ёдгорлик лавҳасида ҳам акс этган.

Александр Грем Белл 1876 йил 7 мартда телефон ихтироси учун патент олган. У аризани 14 февраль куни топширган эди. Қизиғи, худди шу куни бошқа ихтирочи Элайша Грей ҳам ўхшаш қурилма бўйича дастлабки ариза берган.

1876 йил 10 мартда Белл телефон орқали инсон овозини муваффақиятли узатган. Ўшанда у ёрдамчисига: «Жаноб Уотсон, бу ерга келинг! Сизни кўрмоқчиман!» деган. Бу сўзлар телефон орқали узатилган илк машҳур жумла сифатида тарихда қолган.

Шу йилнинг 10 августида Белл Канададаги Брантфорд ва Париж шаҳарлари ўртасида ҳам телефон алоқасини синаб кўрган. Бироқ бу тажрибада икки томонлама суҳбат бўлмаган.

Шу сабабли 9 октябрь куни амалга оширилган тажриба телефон тарихида алоҳида аҳамият касб этади. У икки киши турли жойларда бўлган ҳолда телефон орқали бир-бирини эшитиб, эркин мулоқот қилиши мумкинлигини кўрсатган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар