Ҳиндистонда 17 ёшли қиз ҳуснбузарга қарши кремдан заҳарланди

Ҳиндистоннинг Керала штатида 17 ёшли қиз ҳуснбузар ва пигментацияга қарши кремдан фойдаланиши оқибатида оғир буйрак касаллигига чалинди. Лаборатория таҳлиллари маҳсулот таркибидаги симоб миқдори белгиланган меъёрдан бир неча минг баравар юқори эканини кўрсатди. Ҳодиса юзасидан полиция крем ишлаб чиқарувчи компанияга қарши тергов бошлади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қиз ижтимоий тармоқлардаги реклама орқали кремни тахминан бир йил аввал харид қилган ва шу вақт ичида унинг учта идишидан фойдаланган. Компания маҳсулот ҳуснбузар ва пигментацияни йўқотиши учун ҳар кеча мунтазам қўлланишини тавсия қилган.
Бироқ кремдан бир-икки ой фойдалангач, ўсмирда чарчоқ, бош оғриғи, бош айланиши ва уйқусизлик бошланган. Кейинчалик юзи ва оёқлари ҳам шиша бошлаган. Ота-онаси уни оғир аҳволда шифохонага олиб борган.
Aster MIMS Mother шифохонаси маълумотига кўра, таҳлиллар крем таркибида 12 500 ppm симоб борлигини аниқлаган. Ҳолбуки, косметик воситаларда унинг рухсат этилган миқдори 1 ppm дан кам бўлиши керак.
Нефролог Сатишнинг таъкидлашича, қизда мембраноз нефропатия — буйракларнинг қонни фильтрловчи қисмлари зарарланиши ва сийдик орқали кўп миқдорда оқсил ажралиши билан кечадиган касаллик ривожланган. Мутахассислар симоб тери орқали қонга сўрилиб, буйракларга зарар етказган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Шифокорлар қизни заҳарли моддалар таъсирини камайтирувчи дорилар билан даволаган. Бир ойдан кейин у шифохонадан чиқарилган ва уйда даволанишни давом эттирмоқда. Бироқ ўсмир BBC'га ҳали ҳам соғлиғида муаммолар борлиги ва ўқишда қийналаётганини айтган.
«У ҳали тўлиқ соғайгани йўқ ва тикланиши учун вақт керак», — деди доктор Сатиш.
Ҳиндистонда терини оқартирувчи кремларга талаб юқори бўлса-да, мутахассислар айрим маҳсулотлар таркибида симоб ва қўрғошин каби заҳарли металлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бундай воситаларнинг ижтимоий тармоқлар орқали сотилиши улар устидан назоратни қийинлаштиради.
Ҳозирда Керала полицияси ҳодиса юзасидан тергов олиб бормоқда. Штатнинг Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссияси ҳам крем ишлаб чиқарувчи компанияга нисбатан иш очган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…