Британияда аёл 30 йил аввал бедарак йўқолган укасини ҳануз қидирмоқда

Буюк Британияда 30 йил аввал изсиз йўқолган укасини излаётган 79 ёшли аёл жамоатчиликка сўнгги бор мурожаат қилди. 1996 йилда 32 ёшида бедарак кетган Майкл Хьюэрдиннинг қаердалиги ҳануз номаълум. Унинг опаси Мадлен Жадд вақт ўтиб бораётгани ва укаси тақдирига ойдинлик киритиш учун имконият тобора камаяётганидан хавотирда. Бу ҳақда Need To Know хабар берди.
Яқинлари уни Мик ёки Хьюи деб чақирган. Маълум бўлишича, Майкл 1996 йил 21 ноябрь куни Линкольншир графлигининг Раскингтон ҳудудидаги уйидан чиқиб кетган ва бедарак йўқолган. Тахминларга кўра, у йўлда нотаниш ҳайдовчидан машинасида олиб кетишни сўраган ва унинг автомобилига ўтирган. Шундан кейин эса уни ҳеч ким кўрмаган.
Орадан уч йил ўтиб, 1999 йилда полиция ушбу иш бўйича қотиллик гумони билан тергов бошлаган. Бироқ кенг кўламли қидирувларга қарамай, Майклнинг жасади ҳанузгача топилмаган.
Унинг 79 ёшли опаси Мадлен Жадд энди ҳақиқатни аниқлаш учун охирги имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
«Қанча вақтим қолганини билмайман. Бу укам учун сўнгги бор мурожаат қилиш имкониятим. Биз бу воқеага нуқта қўйишни, унинг дафн маросимини ўтказишни ва йиллар давомида давом этаётган азобдан халос бўлишни истаймиз», — деди у.
Мадленнинг айтишича, укаси ҳайдовчилик қилмаган ва шахсий автомобили ҳам бўлмаган. Ўша куни бир киши унга машинасида олиб кетишни таклиф қилган.
«У машина ҳайдамасди, автомобили ҳам йўқ эди. Кимдир уни ўз машинасида олиб кетган. Шундан бери уни ҳеч ким кўрмади ва нима бўлганини ҳеч ким билмайди», — дейди аёл.
Оила учун энг оғир хабар 1999 йилда полиция Майкл ўлдирилган бўлиши мумкинлигини маълум қилганида юз берган. Айниқса, унинг онаси бу хабардан қаттиқ изтироб чеккан. У 2019 йилда ўғлининг тақдиридан хабар тополмасдан ва унинг дафн маросимини ўтказиш имконига эга бўлмасдан вафот этган.
«Онаси бу хабардан қаттиқ қайғурган эди. У етти йил аввал ўғли учун дафн маросимини ўтказиш имкони бўлмасдан вафот этди», — деди Мадлен.
Полиция йиллар давомида қидирувни давом эттирган
Терговчиларда видеокузатув ёзувлари ва ДНК далиллари бўлмаганига қарамай, бир неча бор ўрмонзорлар ва сув ҳавзаларида қидирув ишларини олиб борган. 2016 йилда эса Майклнинг қолдиқларини топиш мақсадида яқин атрофдаги Ист-Хекингтон ҳудудида жойлашган дала майдони ҳам қазиб текширилган.
Бироқ шунча ҳаракатларга қарамай, оила аъзолари у билан аслида нима содир бўлганини ҳануз билмайди.
«Қаердадир нима бўлганини биладиган одам борлигига ишонаман. Улар ўша кеча нима юз берганини ҳам, укамнинг жасади қаердалигини ҳам билишади. Оиласи сифатида унинг жасади қаердалигини билишимиз керак. Шундагина дафн маросимини ўтказиб, 30 йиллик азобга нуқта қўя оламиз», — деди Мадлен.
Аёл укасининг ўлдирилган бўлиши ёки жасади ҳанузгача бирор жойда топилмай ётгани ҳақидаги ўйларга чидаш қийинлигини ҳам айтган.
Майкл ортида жуда яхши кўрган қизи қолган. Опасининг таъкидлашича, у ҳеч қачон ўз ихтиёри билан оиласини ташлаб кетмаган бўларди. У ҳар куни ҳолидан хабар олиб турган онасини ҳам ташлаб кетиши мумкин эмас эди.
Полиция гувоҳларни сукут сақламасликка чақирди
East Midlands йирик жиноятлар бўлими терговчиси, детектив бош инспектор Энди Макватт ушбу воқеа ҳақида маълумотга эга бўлган барча инсонларни полиция билан боғланишга чақирди.
Агар бу ҳақда гапириш учун энди кеч деб йиллар давомида ўзингизни ишонтириб келган бўлсангиз, адашасиз. Агар сиз биладиган маълумот аҳамиятсиз деб ўйлаётган бўлсангиз, бу фикр нотўғри. Ҳақиқатни айтиш учун муносиб фурсатни кутаётган бўлсангиз, айнан ҳозир ўша вақтдир.
30 йил ўтиши бизнинг ҳақиқатни излашимизга чек қўймаслиги керак. Аксинча, бу кимнидир ниҳоят сукутни бузишга ва ҳақиқатни айтишга жасорат топишга ундаши лозим», — деди терговчи.
Шу тариқа, Майкл Хьюэрдиннинг оиласи 30 йилдан бери жавобсиз қолган саволларга жавоб топиш ва унинг тақдирига ойдинлик киритиш умидида яшамоқда.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…