Дугоналари билан терисини қорайтиришга қизиққан аёл тери саратонидан вафот этди

Англиянинг Манчестер шаҳрида яшаган 30 ёшли Челси Тантум тери саратонининг хавфли тури — меланомадан вафот этди. У 15 ёшидан бошлаб дугоналари билан терисини янада қорайтириш борасида рақобатлашиб, мунтазам равишда солярий хизматидан фойдаланган.
Челсига 28 ёшида меланома ташхиси қўйилган. Ўша вақтга келиб касаллик умуртқа поғонаси, ўпка, жигар ва бошқа аъзоларга тарқалиб улгурган эди. Кейинчалик саратон унинг бош миясига ҳам ўтган.
Аёлнинг айтишича, у ҳали вояга етмаган пайтида солярий салонларига борганида, ундан шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинмаган. У кейинги йилларда ҳам ушбу хизматдан мунтазам фойдаланишда давом этган.
Касаллиги аниқланганидан сўнг Челси солярийнинг хавфли оқибатлари ҳақида жамоатчиликни огоҳлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. У вояга етмаганларнинг солярий салонларига киришининг олдини олиш учун мижозлардан шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилиш тизимини жорий этишга чақирган.
Бундан ташқари, Челси меланома билан касалланган инсонларни қўллаб-қувватловчи Melanoma Focus ташкилоти учун 4 минг фунт стерлингдан ортиқ маблағ йиғишга муваффақ бўлган.
У 2026 йил 30-сентабрда ҳаётдан кўз юмди. Яқинларининг таъкидлашича, Челси оғир касаллик билан курашаётганига қарамай, сўнгги кунларигача бошқаларга ёрдам бериш ва инсонларни хавф ҳақида огоҳлантиришга интилган.































Изоҳлар 0
…