Gucci савдоси пасайишда давом этмоқда: Kering 125 та дўконини ёпмоқчи

Gucci савдоси пасайишда давом этмоқда: Kering 125 та дўконини ёпмоқчи
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Гукси брендининг савдоси уч йилдан ортиқ вақт давомида пасайиб бораётгани сабабли, Керинг гуруҳи 2026 йил охиригача ўз дўконлари сонини камида 125 тага қисқартиришни режалаштирмоқда.
  • 2026 йилнинг учинчи чорагида Гукси даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоизга камайиб, 1,291 миллиард еврони ташкил этди.

Италиянинг машҳур Gucci мода бренди савдоси уч йилдан ортиқ вақтдан бери пасайишда давом этмоқда. Унинг эгаси — Франциянинг Kering гуруҳи 2026 йил охиригача савдо тармоғидаги дўконлар сонини соф ҳисобда камида 125 тага қисқартиришни режалаштирган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Kering маълумотларига кўра, 2026 йилнинг учинчи чорагида Gucci даромади 1,291 миллиард еврони ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан таққосланадиган кўрсаткичларда 6 фоизга кам. Валюта курслари таъсири ҳисобга олинганда эса пасайиш 4 фоизни ташкил қилган.

Бренд савдосига, айниқса, Хитойдаги дўконларга ташриф буюрувчилар сонининг камайиши салбий таъсир кўрсатмоқда. Gucci’нинг ўз савдо тармоғидаги тушум 9 фоизга қисқарган. Шимолий Америкада эса вазият нисбатан барқарор бўлган.

Kering гуруҳининг умумий даромади учинчи чоракда 3,345 миллиард еврони ташкил этди. Бу ҳисоботдаги кўрсаткич бўйича ўтган йилга деярли тенг, таққосланадиган шартларда эса 1 фоизга кам.

Компания дастлабки тўққиз ой давомида 105 та дўконни соф ҳисобда ёпган. Йил якунигача камида 125 та дўконни қисқартириш режалаштирилган. Шу билан бирга, Gucci’га бўлган қизиқишни тиклаш учун маркетинг, маҳсулот сифати ва мижозларга хизмат кўрсатишга эътибор кучайтирилмоқда.

Kering бош директори Лука де Мео компаниянинг фойда маржасини 2025 йилдаги 11,1 фоиздан ўн йиллик охиригача икки баравар оширишни мақсад қилган. Бунинг учун харажатларни назорат қилиш, савдо тармоғини оптималлаштириш ва таъминот занжирларини такомиллаштириш кўзда тутилган.

Бироқ таҳлилчилар харажатларни қисқартиришнинг ўзи брендга бўлган талабни тиклаш учун етарли бўлмаслиги мумкинлигини таъкидламоқда. Gucci ижодий директори Демна янги коллекциялар орқали бренднинг жозибадорлигини оширишга уринаётган бир пайтда, савдони тиклаш компания олдидаги асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Маълумот учун, Kering гуруҳи Gucci’дан ташқари Saint Laurent, Balenciaga, Bottega Veneta ва Alexander McQueen каби мода брендларига ҳам эгалик қилади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар