Эркак икки йил давомида бронхида тилла тишли протез билан яшади

Эркак икки йил давомида бронхида тилла тишли протез билан яшади

Россиянинг Стерлитамак шаҳрида шифокорлар эркакнинг ўнг бронхидан бешта тилла тиши бўлган протезни олиб ташлади. Бу ҳақда Бошқирдистон соғлиқни сақлаш вазири Айрат Раҳматуллинга таяниб, маҳаллий ОАВ хабар берди.

Маълум бўлишича, эркак қарийб бир йил давомида тинмайдиган йўталдан азият чеккан. У буни ёш билан боғлиқ ўзгаришлар ёки шамоллаш оқибати деб ўйлаб, шифокорга мурожаат қилмаган. Октябрь ойи бошида аҳволи ёмонлашгач, у шифохонага ётқизилган. Дастлаб шифокорлар пневмониядан шубҳаланган, бироқ текширув пайтида нафас йўлида бегона жисм борлиги аниқланган.

Бемор билан батафсил суҳбатлашганда, у тахминан икки йил аввал уйқудан уйғонганида тиш протезини топа олмаганини эслаган. Ўшанда протезни шунчаки йўқотиб қўйган деб ўйлаган ва унинг нафас йўлига тушганини билмаган.

Шифокорлар бронхоскопия ёрдамида махсус асбоб билан протезни эҳтиёткорлик билан олиб ташлаган. Муолажа давомида нафас йўллари тўқималарига зарар етказилмаган. Шундан сўнг беморнинг сурункали йўтали тўхтаган.

Ҳозир эркак тикланиш жараёнини ўтамоқда. Шифокорлар унинг ҳаёти ва соғлиғига хавф йўқлигини маълум қилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар