Аёл сунъий интеллект ёрдамида ёзилган китоблардан 1 миллион доллардан ортиқ даромад олди

Жанубий африкалик ёзувчи Coral Hart сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиб, 20 ой ичида 370 дан ортиқ китоб яратди. Унинг айтишича, 2026 йил бошидан буён китоблар савдосидан тушган даромади 1 миллион доллардан ошган. Бу ҳақда AFP хабар берди.
Ёзувчи ChatGPT, Claude ва Grok каби сунъий интеллект воситаларидан фойдаланади. Бироқ у китобларни шунчаки чатботларга ёздирмайди: аввал сюжет ғояси, қаҳрамонлар, услуб ва боблар режасини ўзи ишлаб чиқади. Шундан кейин сунъий интеллект матнни тайёрлаш ва таҳрирлашга ёрдам беради.
Дастлабки матн бир неча босқичда қайта ишланади. Якунда эса инсон муҳаррири ёки корректор матнни текширади ва зарур тузатишларни киритади.
Coral Hartнинг ҳақиқий исми ошкор қилинмаган. У нашриёт соҳасида 14 йил ишлаган ва сунъий интеллектдан фойдаланишни бошлашидан олдин ҳам бир неча ўнлаб асарлар ёзган.
Муаллифнинг ўз ҳисоб-китобига кўра, унинг электрон, босма ва аудио форматлардаги китоблари жами бир миллион нусхадан ортиқ сотилган. Асарларнинг катта қисми романтик жанрда бўлиб, муайян ўқувчилар аудиториясига мўлжалланган.
Унинг фаолияти сунъий интеллектнинг адабиётдаги ўрни ҳақида баҳсларни ҳам кучайтирмоқда. Айримлар бундай усулда яратилган асарларнинг сифати ва муаллифлик масаласини танқид қилаётган бўлса, Hart китобларининг сотилаётганини асосий мезон сифатида кўрсатмоқда.






























Изоҳлар 0
…