Англияда 24 ёшли эркак чақалоқни йиғлагани учун ўлдирди

Англияда 24 ёшли эркак чақалоқни йиғлагани учун ўлдирди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Англиянинг Кент графлигида 24 ёшли Тайла Уормби қиз дўстининг уч ойлик ўғлига оғир тан жароҳати етказиб, унинг ўлимига сабаб бўлгани учун суд томонидан айбдор деб топилди.
  • 2022 йил 15 июл куни содир бўлган воқеада чақалоқ йиғлагани учун калтакланган ва бош суяги синган ҳолда шифохонада вафот этган.

Англиянинг Кент графлигида 24 ёшли эркак қиз дўстининг уч ойлик фарзандига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиб, унинг ўлимига сабаб бўлгани учун суд томонидан айбдор деб топилди. У чақалоқ йиғлашдан тўхтамагани сабаб унга оғир жароҳат етказган. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Суд материалларига кўра, воқеа 2022 йил 15 июль куни содир бўлган. Тайла Уормби қиз дўсти Шеннон Ҳоджес ухлаётган вақтда унинг 12 ҳафталик ўғлига қараб турган. У боланинг биологик отаси бўлмаган.

Эрталаб соат 05:30 атрофида чақалоқнинг онаси унинг аҳволи ёмонлашганини пайқаб, тез ёрдам чақирган. Боланинг ранги оқарган, ўзи эса ҳушсиз ҳолатга келган эди. Унинг бошида ҳам шиш пайдо бўлган.

Шифокорлар чақалоқнинг бош суяги сингани ва мияси жиддий шикастланганини аниқлашган. Дастлаб у Маргейт шаҳридаги шифохонага олиб борилган, кейин эса аҳволи оғирлиги сабабли Лондондаги тиббиёт муассасасига кўчирилган. Аммо шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, ўша куни тушдан кейин чақалоқ вафот этган.

Эркак воқеани яширишга уринган

Тергов жараёнида Уормби полицияга ҳодиса ҳақида бир-бирига зид маълумотлар бергани маълум бўлган. Унинг айтишича, эрталаб уйғонганида боланинг бошида кичик шишни кўрган, унга дори бериб, яна ухлатган. Кейинроқ чақалоқнинг қаттиқ йиғлаётганини эшитиб, бошининг орқа қисми шишганини пайқаган.

Бироқ рақамли экспертиза ва тиббий далиллар унинг кўрсатмалари ҳақиқатга тўғри келмаслигини кўрсатган. Мутахассислар чақалоққа тез ёрдам чақирилишидан бироз олдин оғир жароҳат етказилганини аниқлашган. Шунингдек, бола бундан аввал ҳам қаттиқ силкитиш оқибатида шикастланган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Судда чақалоқ ҳаётининг сўнгги ҳафталарида бир неча марта шифохонага олиб борилгани ҳам маълум бўлди. У тез-тез қусган, танаси бўшашиб қолган ва одатдагидан кўпроқ йиғлаган. Шифокорлар бу белгилар чақалоқни силкитиш синдромига хос эканини билдиришган.

Суд-тиббий экспертиза натижаларига кўра, боланинг миясида ўлимидан беш ҳафтагача олдин ҳам қон кетиши кузатилган. Бу эса унга аввал ҳам жароҳат етказилган бўлиши мумкинлигини кўрсатган.

Шунингдек, чақалоқнинг биологик отаси унинг хавфсизлигидан хавотир билдирганидан кейин бола ижтимоий хизматлар назоратига олингани маълум бўлган.

Суд эркакни икки жиноятда айбдор деб топди

24 ёшли Тайла Уормби суд жараёнида қотиллик ва қасддан оғир тан жароҳати етказиш айбловларини тан олмаган. Бироқ 29 октябрь куни суд ҳайъати уни ҳар икки жиноятда ҳам айбдор деб топди.

Кент полицияси тергов бўлими катта инспектори Адам Маршалл мураккаб тиббий ва криминалистик далиллар ўрганилгани натижасида эркакнинг ёлғон кўрсатмалари фош этилганини маълум қилди.

Уормбига нисбатан якуний жазо ҳукми кейинроқ эълон қилиниши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар