Қозоғистонда иккинчи Амур йўлбарси ёввойи табиатга қўйиб юборилди (видео)

Қозоғистонда иккинчи Амур йўлбарси ёввойи табиатга қўйиб юборилди (видео)
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • 31 октябр куни Қозоғистоннинг «Иле-Балхаш» давлат табиат резерватида Амур номли эркак йўлбарс ёввойи табиатга қўйиб юборилди.
  • У мамлакатда йўлбарслар популяциясини тиклаш дастури доирасида табиатга қайтарилган иккинчи жонивор бўлиб, унга ҳаракатларини кузатиш учун сунъий йўлдош тизимига уланган бўйинбоғ тақилган.
  • Дастур доирасида 31 июл куни қўйиб юборилган Үмид номли урғочи йўлбарс янги ҳудудга муваффақиятли мослашган.

31 октябрь куни Қозоғистоннинг «Иле-Балхаш» давлат табиат резерватида Амур номли эркак йўлбарс ёввойи табиатга қўйиб юборилди. У мамлакатда йўлбарслар популяциясини тиклаш дастури доирасида табиий муҳитга қайтарилган иккинчи йўлбарс бўлди.

Йўлбарс табиатга қўйиб юборилишидан аввал мутахассислар назоратидаги махсус мослашув вольерида сақланган. Ветеринарлар унинг соғлиғи, хулқ-атвори, мустақил ов қилиш қобилияти ва инсонлар борлигига муносабатини текширган. Синовлар натижасида Амурнинг ёввойи табиатда мустақил яшашга тайёрлиги тасдиқланган.

Ҳайвоннинг кейинги ҳаракатларини кузатиб бориш учун унга сунъий йўлдош тизимига уланган махсус бўйинбоғ тақилган. Бу орқали мутахассислар унинг қаерда ҳаракатланаётгани ва янги муҳитга қандай мослашаётганини назорат қилиб боради.

Дастур доирасида биринчи бўлиб, 31 июль куни Үмид (Умид) номли урғочи йўлбарс табиат қўйнига қўйиб юборилган эди. Мутахассислар маълумотига кўра, у янги ҳудудга яхши мослашган ва мустақил ов қилмоқда. Қозоғистонга олиб келинган яна икки йўлбарс боласи эса ҳозирча мутахассислар назоратида қолмоқда. Улар етарли ёшга етгач ва зарур синовлардан ўтгач, табиатга қўйиб юборилиши мумкин.

Қайд этилишича, йўлбарслар Қозоғистон ҳудудида 70 йилдан ортиқ вақт давомида ёввойи табиатда учрамаган. Бу ерларда тарихан Туран йўлбарси яшаган, бироқ ўтган аср ўрталаридан бошлаб браконьерлик, табиий яшаш муҳитининг бузилиши ва озуқа базасининг қисқариши оқибатида улар йўқолиб кетган.

Ҳозирда мамлакатда йўлбарсларнинг тарихий яшаш ҳудудида популяциясини тиклаш дастури амалга оширилмоқда. Бунинг учун генетик жиҳатдан Туран йўлбарсига яқин бўлган Амур йўлбарслари танланган. Дастур фақат ҳайвонларни табиатга қўйиб юбориш билан чекланмай, уларнинг яшаш муҳитини тиклаш ва озуқа манбаларини кўпайтиришни ҳам қамраб олади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар