Higgsfield асосчиси Алекс Машрабов Қозоғистон фуқароси бўлди

Higgsfield AI компанияси ҳаммуассиси ва бош директори Алекс Машрабов Қозоғистон фуқаролигини қабул қилди. Мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев тегишли фармонни 30 октябрь куни имзолаган. Бу ҳақда Қозоғистон сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев маълум қилди.
Қозоғистон паспортини Машрабовга вазирнинг ўзи топширган. Мадиевнинг айтишича, мамлакат халқаро миқёсда рақобатлаша оладиган сунъий интеллект мутахассислари ва технологик лойиҳаларни ўз экотизимига жалб этишдан манфаатдор.
Алекс Машрабов сунъий интеллект ёрдамида тасвир ва видеолар яратиш имконини берувчи Higgsfield AI платформасининг ҳаммуассиси ҳисобланади. Ушбу компанияга Машрабов Ерзат Дулат билан биргаликда асос солган.
Тадбиркорнинг оилавий илдизлари Ўзбекистон билан боғлиқ. Унинг отаси Ўзбекистондан. Бироқ Машрабов Қозоғистон фуқаролигини қабул қилишидан аввал қайси давлат паспортига эга бўлгани ҳақида очиқ манбаларда аниқ маълумот йўқ.































Изоҳлар 0
…