Омад тилаб самолётга танга улоқтирган аёл 5 суткага қамалди

Хитойнинг Ухан шаҳридаги аэропортда илк бор самолётда учаётган 61 ёшли аёл парвоз олдидан омад ва хавфсизлик тилаб, самолёт томонга тўртта танга улоқтирди. Унинг бу ҳаракати рейснинг 58 дақиқага кечикишига сабаб бўлди.
Воқеа 16 ноябрь куни Ухан шаҳридаги Тяньхэ халқаро аэропортида содир бўлган. Аёл оиласи билан Хайнань оролига саёҳат қилиш учун Санья шаҳрига учмоқчи бўлган. У набирасини кўтариб, самолётга чиқаётган пайтда чўнтагидан тўртта танга олиб, уларни улоқтирган.
Тангалар самолёт эшиги ва унга туташ йўлак орасидаги тирқишдан ўтиб, аэропортнинг учиш-қўниш майдонига тушган. Воқеани пайқаган экипаж дарҳол хабар берган. Шундан сўнг парвозга тайёргарлик вақтинча тўхтатилиб, 10 нафарга яқин техник ходим майдон ва самолёт двигателларини бегона жисмлар бор-йўқлиги юзасидан текширган.
Қидирув ва хавфсизлик текширувлари сабабли рейс 58 дақиқага кечиккан. Хитойнинг Хубэй провинцияси аэропорт полицияси 61 ёшли аёлни авиация хавфсизлигига таҳдид солгани ва ҳаво транспорти тартибини бузгани учун беш суткага маъмурий қамоққа олишга қарор қилган.
Аёл тангаларни парвоз хавфсизлигини тилаб, омад келтиради деган ишонч билан улоқтирганини билдирган. Аэропорт полицияси эса самолётга ёки унинг атрофидаги майдонга ҳар қандай буюм ташлаш жиддий хавф туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…