Жавоҳир Синдаров Гукеш билан баҳсда имкониятларни 50:50 деб баҳолади

Жаҳон шахмат тожи учун курашга саноқли соатлар қолди. Жавоҳир Синдаров ва амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу Женевадаги матбуот анжуманида бўлажак баҳс, тайёргарлик, рақибнинг кучли жиҳатлари ва ўз мақсадлари ҳақида фикр билдирди.
Синдаров имкониятларни тенг баҳолади
Жаҳон чемпионлиги учун баҳс олдидан Женевада, БМТнинг Миллатлар саройида ташкил этилган матбуот анжуманида Жавоҳир Синдаров ва Гукеш Доммаражу журналистлар саволларига жавоб берди.
Ўзбекистонлик гроссмейстер жаҳон чемпионлиги учун курашиш имкониятига эга бўлганидан мамнунлигини таъкидлади. Унинг айтишича, кўплаб шахматчилар бутун фаолияти давомида бундай имкониятга эга бўлмайди, шунинг учун бу сафарги мусобақадан завқ олишга ҳам ҳаракат қилади.
Синдаров бўлажак баҳсдаги имкониятларини 50:50 деб баҳолади. Унинг фикрича, 14 партиядан иборат узоқ ва мураккаб курашда ҳар қандай натижа юзага келиши мумкин.
Гукеш Синдаровни жиддий рақиб деб ҳисоблайди
Амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ҳам бўлажак баҳсга юқори ишонч билан тайёрланаётганини билдирди. Ҳиндистонлик шахматчи чемпионлик титулини ҳимоя қилиш учун эмас, балки уни яна бир бор қўлга киритиш учун келганини айтди.
Гукеш Жавоҳир Синдаровни барқарор ўйин кўрсатадиган, кучли ва айни пайтда энг яхши формасидаги шахматчи сифатида таърифлади. У ўзбек гроссмейстери билан кураш ҳақиқий синов бўлишини таъкидлади.
Синдаров эса Гукешнинг 2024 йилдаги натижаларини фантастик деб атади. Ўзбекистонлик шахматчи бу йил Tata Steel турнирида ҳиндистонлик рақиб билан ўйнаганида унинг кучини ҳис қилганини, айниқса, Гукешнинг охиригача курашиш қобилиятини юқори баҳолашини айтди.
Синдаров ва Гукешнинг тайёргарлик жамоалари
Жавоҳир Синдаров номзодлар турниридаги ғалабадан кейин кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, тажрибасини оширишга ҳаракат қилди. Гукеш ва унинг жамоаси эса бу йил турнири иштирокини атайлаб камайтириб, чемпионлик баҳсига тайёргарликка кўпроқ эътибор қаратди.
Синдаровнинг тайёргарлигида Роман Видоняк, Муҳиддин Мадaminов ва Никита Витюгов иштирок этган. Шахматчи жамоасининг бошқа аъзоларини баҳс якунланганидан кейин маълум қилишини айтди.
Гукеш эса Григорий Гайевский билан ишлаётганини маълум қилди. Ҳиндистонлик шахматчи ҳам тайёргарлик жамоасининг қолган аъзолари ҳақида кейинроқ маълумот беришини билдирди.
Синдаров иқтидорига доим ишонган, аммо жиддий меҳнатни кеч бошлаган
Жавоҳир Синдаров шахматдаги иқтидорига доим ишонганини, бироқ 2025 йилгача бу спорт тури билан жиддий шуғулланмаганини айтди.
Унинг таъкидлашича, шахматга жиддий ёндашиб, мунтазам меҳнат қилишни бошлаганидан кейин ўйин даражаси ҳам сезиларли ошган. Сўнгги икки йил давомида жуда кўп ишлагани бугунги натижаларга эришишида муҳим омил бўлган.
Синдаров ёш шахматчиларга ҳам ўзлари яхши кўрган иш билан мунтазам шуғулланиш ва меҳнат қилишни маслаҳат берди.
Гукеш эса болалик даврида мактабга кам борганини эслади, бироқ ҳаётидан миннатдор эканини таъкидлади. Унга берилган муҳим маслаҳатлардан бири «Кимлигингни унутма» деган сўзлар бўлганини айтди.
Синдаров учун оила ва яқинлар биринчи ўринда
Ўзбекистонлик гроссмейстер қийин вазиятларда энг катта таянч оиласи ва дўстлари эканини таъкидлади. Уларнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлашисиз катта муваффақиятларга эришиш осон эмаслигини қайд этди.
Жаҳон чемпионлиги қўлга киритилган тақдирда қандай ваъда бериши ҳақидаги саволга эса Синдаров ҳозирча бундай режаси йўқлигини билдирди. Унинг асосий мақсади — олдиндаги 20 кун давомида энг яхши шахматини намойиш этиш.
Жаҳон чемпионлиги учун баҳс қачон бошланади?
Жавоҳир Синдаров ва Гукеш Доммаражу ўртасидаги жаҳон чемпионлиги учун баҳс 24 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
Кураш Швейцариянинг Женева шаҳри яқинидаги Колиньи ҳудудида, Fondation Martin Bodmer музейида ўтказилади. Шахматчилар классик форматда 14 партияда ўзаро куч синашади.
Агар асосий партиялардан кейин ҳисоб тенг бўлса, 12 декабрь куни тай-брей ўйинлари ташкил этилади. Охирги классик партия 11 декабрь кунига белгиланган.
Ўзбекистон шахмат тарихидаги энг муҳим беллашувлардан бири бошланишига саноқли соатлар қолди. Синдаров ва Гукешнинг 14 партиялик дуэли жаҳон шахмат тожи кимга насиб этишини ҳал қилади.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

































Изоҳлар0
…